Аёллар дунёси | 11:51 / 11.09.2025
3720
2 дақиқада ўқилади

Баъзи тоифадаги хотин-қизлар учун ОТМ контракт пули давлат томонидан тўлаб берилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун муҳим имконият яратилди — уларнинг шартнома (контракт) тўловлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Фото: Kun.uz

Ушбу имтиёздан фойдаланиш истагида бўлган хотин-қизлар белгиланган тартибда ўз ОТМлари қабул комиссиясига мурожаат қилишлари лозим.

Давлат ҳисобидан контракт пули тўлаб берилувчи хотин-қизлар қуйидаги тоифаларга мансуб бўлиши керак:

Ижтимоий эҳтиёжманд оилалар вакиллари, жумладан:

Кам таъминланган ёки камбағал деб эътироф этилган оилалар фарзандлари;

Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар;

Турмуш ўртоғини йўқотган ва фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган аёллар.

Ариза бериш тартиби қандай?

Хотин-қизлар ушбу имтиёздан фойдаланиш учун таълим олаётган ОТМнинг қабул комиссиясига ариза топширишлари лозим. Аризага ҳеч қандай ҳужжатлар илова қилинмайди — керакли маълумотлар электрон шаклда давлат базалари орқали олинади.

Қабул комиссиялар аризаларни йиғиб, 5 иш куни ичида вазирликка юборади. Вазирлик эса ҳужжатларни ҳудудий ҳокимликларга тақдим этади.

Саралаш қандай амалга оширилади?

Ҳар бир вилоятдан 150 нафар: 1-курс талабалари учун – 40 нафар, 2- ва ундан юқори курслар учун – 110 нафар хотин-қиз танлаб олинади.

Танлов ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилади. Улар 5 кун ичида талабгорларнинг яшаш жойларига чиқиб, ижтимоий шароитини ўрганади. Қуйидаги мезонлар асосий ҳисобланади:

  • Ижтимоий аҳвол;
  • Абитуриентнинг олийгоҳга киришда тўплаган балли;
  • Таҳсил олаётган йўналиш бўйича ҳудудда кадрларга эҳтиёж;
  • Қайси курсда ўқишга киргани.

Танлаб олинган хотин-қизлар рўйхати Оила ва хотин-қизлар қўмитасига юборилади, у ерда 10 кун ичида тавсиянома расмийлаштирилади ва ҳокимликка қайта юборилади.

Контракт қачон тўлаб берилади?

Танлаб олинган талабаларнинг контракт пули ҳар чорак якунигача тўртга бўлиб, маҳаллий ҳокимликлар томонидан тўлаб берилади.

Иккинчи мутахассисликда ёки Ўзбекистондаги хорижий, хусусий ОТМларда ўқиётган хотин-қизларнинг контракти учун мазкур имтиёз қўлланмайди. Хотин-қизлар ўқиш жойини ёки таълим йўналишини ўзгартирса, шунингдек, талабалар сафидан четлаштирилса, контракт бўйича имтиёз бекор қилинади.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид