Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 сентябр куни Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
«Ҳар сафар бу вилоятга келганимда, одамлардаги кўтаринки кайфиятни, каттаю-кичик доимо ҳаракатда, изланишда юрганини кўриб қувонаман. Бугун ҳам ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар, янги ишга тушган корхоналар билан танишиб, ислоҳотларимиз тўғри йўлдан бораётганига яна бир бор амин бўлдим», деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.
Қайд қилинишича, қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайди. Бу, энг аввало, яратилган шароит ва вилоят аҳолисининг машаққатли меҳнати билан бўлгани таъкидланди.
Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция кирди, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушди. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошди. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ошди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи айнан кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали даромад топмоқда.
Таъкидланишича, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан «оғир» маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан, жами 320 миллиард сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилади.
Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи ва Янгиқўрғонда туну-кун ишлайдиган 8 та сервис кўчаси барпо этиш режа қилинган.

Вилоят Ислоҳотлар штабига тадбиркорлар билан ҳар бир туманда камида 2 тадан сўлим табиатли жойларни танлаб, улар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди.
Шунингдек, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга бу ерларнинг муҳофаза зонаси ва контурини белгилаб, аукционга чиқаришни бошлаш топширилди.
Президент Тўрақўрғонда томчилаб суғориш орқали 5 минг гектар адир ерларни ўзлаштириш ишлари бошланганини маъқуллади. Ҳозиргача 2 минг гектар ўзлаштирилди, шундан 1,3 минг гектарида боғ ва узумзор ташкил этилди, 4 минг киши ишли бўлди. Бу ишларни давом эттириб, Поп туманида 4 минг гектар, Косонсой, Чуст ва Мингбулоқ туманларида 1 минг гектардан ерни қайта фойдаланишга киритиш вазифаси қўйилди.







