Артериал гипертензия энг кенг тарқалган касалликлардан бири. Аммо бу касалликда ҳар ўнинчи беморга дори ёрдам бермайди, дейишмоқда мутахассислар. Сеченов университети олимларининг аниқлашича, қон босими ошишига нафақат физиологик, балки руҳий ҳолат – хавотир ва тушкунлик ҳам сабаб бўлиши мумкин. 

Тадқиқотларда маълум бўлишича, гипертонияга чалинган 36,8 фоиз инсонларда хавотир-тушкунлик ҳолатлари учрайди. 

«Бу ҳолатда қон қуюқлашади, тромблар ҳосил бўлиши хавфи ошади. Юрак уриши тезлашиб, қонда глюкоза миқдори кўпаяди», — дейди Сеченов университети психиатрия ва психосоматика кафедраси мудири, Клиник тиббиёт институти директори Беатриса Волел.

Хавотир ва тушкунлик гипертония хавфини айниқса кексаларда – эркакларда 3,6 ва аёлларда 7 мартага оширади. Ўрта ёшлиларда эса бу хавф икки бараварни ташкил этади.

«Беморларда инфаркт ёки инсултдан ваҳимага тушиш қон босими янада ошишига олиб келади», — дея қайд этади профессор Волел.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, гипертония диагностикаси ва профилактикасида албатта хавотир ва тушкунлик ҳолатлари ҳам ўрганилиши, уни даволашда эса кардиологлар ва руҳшунослар ҳамкорлик қилиши лозим.