21 сентябрь куни Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода камида 40 киши, жумладан 19 нафар аёл ва болалар, шунингдек Ливанда 5 киши ҳалок бўлди.

The Guardian нашрининг маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига таяниб хабар беришича, Ғазо шаҳрининг жанубий қисмидаги турар жой биносига уюштирилган бир зарбада камида 14 киши ҳалок бўлган. Ал-Авда шифохонаси эса марказий Ғазодаги Бурейж қочқинлар лагерига қилинган ҳужумда камида 8 фаластинлик ўлдирилганини билдирди.

Исроил, шунингдек, Ливаннинг жанубидаги Бинт Жубайл шаҳрида дрон ҳужуми уюштириб, 5 кишини – уч бола ва уларнинг отасини ўлдирди. Ливан президенти Жозеф Аун бу зарбани қоралаб, уни Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги сулҳни бузиш деб атади.

Reutersʼнинг Ливан давлат ахборот агентлигига таяниб ёзишича, зарба мототцикл ва машинага қилинган, икки киши яраланган. Парламент спикери Набиҳ Берри ўз баёнотида ҳалок бўлганлар орасида ота ва уч фарзанди борлигини, онаси эса яраланганини айтди. Уларнинг АҚШ фуқаролиги борлиги ҳам маълум қилинди. АҚШ давлат департаменти эса «далиллар шуни кўрсатадики, ҳалок бўлган беш кишидан ҳеч бири АҚШ фуқароси эмас. Улардан бирининг илгари фойдаланилмаган иммиграция визаси аризаси бўлган», — деди.

Ўтган йил ноябрида сулҳ имзоланганига қарамай, Исроил Ливанга деярли ҳар куни зарба бериб келмоқда. Ливан армиясига кўра, бу зарбалар сони 4 500дан ошган. Ливан ҳукумати Исроилнинг бундай ҳаракатлари Ҳизбуллоҳни қуролсизлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни издан чиқармоқда, дея таъкидлади.

Ливан президенти Жозеф Аун

«Биз Нью-Йоркда тинчлик ва инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қилаётган бир пайтда, Исроил халқаро резолюцияларни мунтазам равишда бузишда давом этмоқда… Болаларимиз қонидан устун турадиган тинчлик бўлиши мумкин эмас», — деди Аун.

Исроил ҳужумларни кучайтирмоқда

Исроил бу ҳафта Ғазо шаҳрига ҳужумларини кучайтирди ва шаҳарни эгаллаш кампаниясининг бошланганини эълон қилди. Армия тинимсиз равишда баланд қаватли биноларни нишонга олмоқда. Ҳуманитар ходимларга фақат шифохоналарда ҳужум қилинмайди, деб маълум қилинди ва шаҳардаги 1 миллион аҳолига шаҳарни тарк этишни буюрди.