Жаҳон | 17:56 / 26.09.2025
2725
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон «Қамбар-Ота ГЭС-1» лойиҳасини жадаллаштиришга келишиб олди

Лойиҳа Марказий Осиёда энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича муҳим минтақавий ташаббус сифатида қаралади.

Фото: Қирғизистон энергетика вазирлиги

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика идоралари раҳбарлари «Қамбар-Ота ГЭС-1» (қуввати 1860 MW) лойиҳасини тайёрлаш бўйича учинчи вазирлар даврасини ўтказди. Учрашув 25-26 сентябр кунлари Брюсселда бўлиб ўтди.

Лойиҳа Марказий Осиёда энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича муҳим минтақавий ташаббус сифатида қаралади.

Музокараларда энергетика вазирлари Ерлан Аккенженов (Қирғизистон), Таалайбек Ибраев (Қирғизистон) ва Жўрабек Мирзамаҳмудов (Ўзбекистон) иштирок этди. Улар эришилган ютуқларни муҳокама қилди, жумладан: техник-иқтисодий асослаш лойиҳаси; атроф муҳитга ва ижтимоий муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича дастлабки ҳужжатлар; уч мамлакат саъй-ҳаракатлари билан лойиҳани биргаликда амалга ошириш механизмлари; янгиланган молиявий эҳтиёжлар ва халқаро институтлардан маблағ жалб қилиш имкониятлари.

Манфаатдор томонлар билан маҳаллий, миллий ва трансчегаравий даражадаги маслаҳатлашувлар 2025 йил октябр-ноябр ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Давра суҳбати Жаҳон банки кўмагида ташкил этилган бўлиб, у лойиҳани тайёрлашда, шу жумладан техник-иқтисодий асосларни янгилаш ва барқарор молиявий моделни ишлаб чиқишда техник ёрдам кўрсатади.

Вазирлар ўз давлатларининг «Қамбар-Ота ГЭС-1» лойиҳасини тез фурсатда амалга оширишга қатъий сиёсий содиқлигини тасдиқлади.

2023 йил январ ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика идоралари раҳбарлари Қирғизистоннинг Норин дарёсида Қамбар-Ота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаган эди. Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг Қирғизистон эҳтиёжидан ортган қисмини Ўзбекистон ва Қозоғистон кафолатли сотиб олади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қамбар-Ота ГЭС-1 қурилиши 5-6 миллиард долларга тушишини айтган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид