Дубай кўчмас мулк бозорига бўлган қизиқишни четлаб ўтиш қийин. Деярли ҳар куни янги лойиҳалар эълон қилинади. Кенгайиб бораётган шаҳар ҳудуди ва осмонўпар бинолар қизғин кетаётган иш жараёнидан дарак беради. Йўлларда тирбандликлар ҳам кўпайган. Янги мизожларнинг оқиб келиши нархларнинг янада ошишига рағбат яратяпти.

Deutsche Bank маълумотига кўра, сўнгги беш йилда шаҳар марказидаги квартираларнинг квадрат метрига тўғри келадиган нархи доллар ҳисобида 122 фоизга ошган. Бу Германия банки кузатган 69 та шаҳардан фақат Риёддан кейинги иккинчи энг яхши кўрсаткич.

Уй-жой нархлари 2014 йилдаги чўққи даражасидан 20 фоиз қимматроқ. Йил бошидан августгача бўлган вақт оралиғида умумий кўчмас мулк савдолари 441 миллиард дирҳамни (120 миллиард доллар) ташкил этди — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан учдан бир қисмга кўп. Рекорд даражадаги кўрсаткичлар тез орада нархларнинг тўғриланиши ҳақидаги огоҳлантиришлар ва ортиқча таклифдан хавотирларни келтириб чиқаряпти. The Economist’нинг ёзишича, айни пайтдаги безовталик ошириб юборилгандек кўринади: талаб барқарор, қурувчилар интизомли бўлиб қолишган. БААнинг кўчмас мулк бозори ниҳоят «улғайган».

Албатта, Дубай тарихида мислсиз кўтарилиш ва кескин қулаш даврлари бўлганини ҳисобга олиш керак. Кўчмас мулк бўйича экспертларнинг огоҳлантиришича, бўронни бошлаб берган «паст осилган мевалар» энди қолмаган: Украинадаги уруш фонида келиб қолган рус миллиардерлари харидларни тугатди; Бомбейдан атиги бир неча соатлик масофадан бошпана излаган ҳинд бизнес гигантлари ва Болливуд юлдузлари сони чекланган; янги пайдо бўлган крипто қироллар ҳам жуда кам. Шунингдек, яшаш харажатларининг кескин ошиши, хусусан, импорт маҳсулотлари нархининг кўтарилиши Бирлашган Араб Амирликларини бойлар учун камроқ жозибадор қилиши мумкин.

Ҳозирча кучли талаб бор. Henley & Partners’нинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил Амирликларда миллионерлар сони яна 9 800 кишига ошади — бу бутун дунё бўйича энг юқори кўрсаткич. Ўтган йил Дубай 10 миллион доллар ёки ундан қиммат бўлган уй-жой савдоларида ҳам рекорд ўрнатди. Бироқ уй нархларининг ошишига энг катта туртки бойлар эмас. БАА аҳолиси 11 миллионга етиб, 2020 йилдан бери бешдан бир қисмга кўпайди. Янги келганлар аввалгиларга қараганда ёш ва сифатлироқ таълим даражасига эга. Натижада улар тезроқ уй-жой эгасига айланишяпти. Брокерларнинг сўзларига кўра, уларнинг мижозлари орасида ҳаёт сифати ёмонлашганидан шикоят қилиб келган британияликлар, Дубайда яшаб ўз юртида бизнес юритадиган африкалик тадбиркорлар ва солиқсиз бошпана ҳудуд излаётган европаликлар кўп.