Сафар давомида делегация Будапештдаги Корвинус университети ректори Бруно ван Поттелсберге ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети (MATE) ректори Чаба Дюрича билан учрашувлар ўтказилди. Асосий эътибор икки мамлакат ўқитувчилари ва талабалари ўртасидаги қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашинувини ривожлантиришга қаратилди.
Корвинус университети ректори Бруно ван Поттелсберге билан қишлоқ хўжалиги ва агробизнес соҳасида қўшма таълим дастурини яратиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорлик доирасида Венгрия экспертлари иштирокида Тошкент давлат аграр университети талабалари учун венгер тили курсларини ташкил этиш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш ва ветеринария соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.
MATE билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонлик ўқитувчилар ушбу университетда илмий стажировка ўташи, қўшма тадқиқотларда иштирок этиши ва натижаларни халқаро илмий журналларда эълон қилиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, ТДАУ профессорларини ушбу университет томонидан ўтказиладиган халқаро конференцияларга лектор ва маърузачи сифатида таклиф қилиш кўзда тутилган.
Музокараларнинг муҳим қисми 2023 йилда йўлга қўйилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат технологиялари бўйича қўшма таълим дастурини кенгайтириш масаласи бўлди. Венгрияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сонини ошириш режалаштирилмоқда.











