1 сентябр куни Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги (DOC) Янги Зеландия аҳолиси 695 миллиардга етганини эълон қилди. Ҳисоб-китобларга фақат одамлар эмас, балки ҳайвонлар, ҳашаротлар, балиқлар, қушлар, дарахтлар, ўсимликлар ва микроорганизмлар ҳам киритилди. Умумий ҳисоб астрономик даражага етди — 695 миллиард тирик мавжудот.
Бу рақам рамзий аҳамиятга эга: у аҳолига Янги Зеландия нафақат инсонлар уйи, балки ноёб экотизим эканини, унда ҳар бир турнинг табиий мувозанатни сақлашда роли борлигини эслатиши керак.
Ташаббус «Always Be Naturing» («Ҳар доим табиат билан бирга бўл») деб номланди. Кампаниянинг асосий мақсади — атроф-муҳитнинг ноёблиги ва нозиклигини, флора ва фаунанинг бойлигини, шунингдек, иқлим инқирози ва инсон фаолияти олиб келаётган таҳдидлардан халқни яна бир бор хабардор қилиш.
DOC вакилларига кўра, кўплаб аҳоли табиатни фақат туризм ва дам олиш манзараси сифатида қабул қилади. Асосий чақириқ эса шундай: «Биз ёлғиз яшамаймиз — мамлакатимиз миллиардлаб мавжудотларга тегишли ва биз уларни асраш учун масъулмиз».
Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари бу ёрқин сарлавҳани тезда тарқатишди. RNZ, Focus ва IFLScience каби нашрлар бу ҳақда мақолалар чоп этди. Сарлавҳаларда асосий урғу шундай контрастга қаратилди: «5 миллиондан 695 миллиардга».
Ижтимоий тармоқларда баъзи фойдаланувчилар аввал хабарни хатолик ёки ҳатто ҳазил деб қабул қилди. Аммо гап флора ва фауна ҳақида экани аниқ бўлгач, кўпчилик бу усулни муваффақиятли деб баҳолади: бундай ёндашув инсоннинг қанча «қўшнилари» борлиги ҳақида ўйлантириб қўяди.
Янги Зеландия азалдан сўлим табиати билан машҳур: Бу ерда 80 000 дан ортиқ ҳайвон ва ўсимлик турлари мавжуд. Мамлакат ҳудудининг тахминан 30 фоиз қисми ўрмонлар билан қопланган. Кўплаб турлар эндемик бўлиб, уларни дунёнинг бошқа ҳеч қайси жойида учратиб бўлмайди.
Бироқ экологлар огоҳлантирмоқда: иқлим ўзгариши, ўрмонларни кесиш, океанларни ифлослантириш ва бегона турларнинг кириб келиш хавфи экотизимга жиддий таҳдид солмоқда. DOC бу ташаббуси билан одамларга табиатни асраш муҳимлигини яна бир бор эслатиши лозим.
695 миллиард рақами қаердан келди? DOC маълумотларига кўра, ҳисоб-китоблар илмий моделларга асосланган. Улар турларнинг маълум сонини, популяциялар зичлигини ва экотизим кўламларини ҳисобга олади. Албатта, бу тахминий рақам, аммо у биохилмахилликнинг кўлами ҳақида тасаввур беради.









