Спорт | 18:58 / 12.10.2025
7505
3 дақиқада ўқилади

Фабио Каннаваро: Биз рақибдан қўрқмаймиз ва ўз ўйинимизни кўрсатмоқчимиз

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ва дарвозабон Абдувоҳид Неъматов Уругвайга қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

Фото: UFA

Фабио Каннаваронинг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий жамоасини қийин ўйин кутмоқда.

“Аввало, ташриф учун барчага раҳмат айтаман. Биз кеча Малайзияга етиб келдик ва тикланиш машғулотларини олиб бордик ҳамда эртанги учрашувга тайёргарликни бошладик. Бу аввалги учрашувдан кўра фарқли ўйин бўлади. Дунёдаги энг кучли жамоа ва энг кучли мураббийлардан бири — Марсело Белсага қарши баҳс олиб борамиз. Бизни олдинда қийин ўйин кутиб турибди. Биз рақибдан қўрқмаймиз ва ўз ўйинимизни кўрсатмоқчимиз. Бу ўртоқлик учрашуви, лекин майдонда боримизни берамиз.

Бу ўзимизни кўрсатишимиз учун яхши имконият. Кўпроқ тўпни назорат қилишга ҳаракат қиламиз, чунки уларга имконият бериб бўлмайди. Вазиятни ўз қўлимизга олишимиз керак. Ҳар доим ҳам ҳужумда ҳаракат қилиб бўлмайди”, деди у.

Каннаваро ўртоқлик учрашувлари ўзини кўрсатиш учун имконият эканлигини таъкидлади.

“Жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли жамоаларига қарши ўйин ўтказамиз. Биз айнан шундай учрашувларга тайёргарлик кўришимиз керак. Танқидлар бўлиши табиий, лекин биз ҳамма спорт турларида бўлгани каби натижа ҳақида ўйлашимиз керак. Ўртоқлик ўйини бўлсада, бор имкониятимизни ишга солишимиз, қаттиқ ишлашимиз ва биргаликда ҳаракат қилишиз зарур. Бу спорт ва оддий ўйинларида ҳам, барча жиҳатларни эътиборга олиш керак.

Ўртоқлик учрашувлари ўзимизни кўрсатиш учун имконият, чунки мундиалда бунга вақт бўлмайди. Узоқ сафар кутиб тургани учун баъзи футболчиларни ортиқча чарчатишни истамадик, мен уларнинг барчаси билан гаплашдим. Жаҳон чемпионатига қадар бизда 8 ой вақт бор ва биз барча футболчиларнинг ўйинини кузатамиз”, деди Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи.

Дарвозабон Абдувоҳид Неъматов эса қуйидаги фикрларни билдирди:

“Мураббийимиз таъкидлаганидек, тикланиш машғулотини ўтказдик, Эртанги ўйинга тайёрмиз ва бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

Уругвай жаҳонда ўз ўрнига эга жамоа. Мураббийларимиз билан уларнинг ўйинларини таҳлил қиляпмиз, ҳар қандай жамоанинг кучли ва кучсиз жиҳатлари бўлади. Ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз”.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Уругвайга қарши ўйини 13 октябрь куни Малакка шаҳридаги "Ҳанг Жебат" стадионида Тошкент вақти билан соат 17:45 да бошланади.

9 октябр куни Фабио Каннаваронинг бош мураббий сифатидаги илк ўйинида Ўзбекистон Кувайтни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид