Жаҳон | 11:58 / 24.10.2025
3723
4 дақиқада ўқилади

«Тинчлик келишувига таҳдид» – АҚШ Ғарбий соҳил аннексиясига қарши

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроил парламентининг босиб олинган Ғарбий соҳилни аннексия қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш қарори Американинг Ғазодаги можарони тўхтатиш режасига таҳдид солишини айтди.

Фото: EPA

Рубио аннексия «контрпродуктив» бўлиб, тинчлик келишувига «таҳдид солиши»ни таъкидлаган. «Ҳозир биз буни қўллаб-қувватлай олмаймиз», деди Рубио Исроилга жўнаб кетишдан олдин. у ерда ўт очишни тўхтатиш бўйича нозик келишувни мустаҳкамлаш бўйича дипломатик ишларга кўмаклашиш учун борган.

Аввалроқ Исроил Кнессетининг ултраўнг қаноти аъзолари Исроилга Ғарбий соҳилни қўшиб олиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганди, шу билан бирга, бу ултраўнг қанот парламентарийларининг мамлакат бош вазири Бенямин Нетаняҳуни ноқулай аҳволга солиб қўйиш ва уни сиёсий манёвр қилиш имкониятидан маҳрум қилишга уриниши бўлиб кўринганди.

Нетаняҳу аввалроқ Ғарбий соҳилдаги ерларни қўшиб олишни қўллаб-қувватлаган, бироқ Исроилнинг энг муҳим иттифоқчиси бўлган АҚШ ва ўнлаб йиллар давом этган душманликдан сўнг Исроил билан муносабатларни йўлга қўйишни бошлаган араб давлатлари билан муносабатларни бузишдан қўрқиб, бу ғояни илгари сурмаган.

Нетаняҳунинг ҳукмрон коалициясидаги ултрамиллатчилар бир неча бор Исроилни Ғарбий соҳилни тўлиқ қўшиб олишга чақирган, аммо қонун лойиҳаси ҳукуматга кирмайдиган депутатлар томонидан илгари сурилган. У Кнессетдаги кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланадими ёки йўқми, буниси номаълум, бош вазир эса уни кечиктириш ёки рад этиш имкониятига эга.

БМТнинг олий суд инстанцияси – Халқаро суд ўтган йили Исроил оккупациясини ноқонуний деб топганди.

Суд Исроил босиб олинган Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги кўчириш фаолиятини тўхтатиши ва бу ҳудудлар ва Ғазо секторининг «ноқонуний босиб олиниши»га имкон қадар тезроқ чек қўйиши керак, деган қарорга келди. Бироқ, суднинг хулосаси тавсиявий характерига эга бўлиб, мажбурий кучга эга эмас.

Фаластинликлар 1967 йилдан бери Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилни ўзларининг бўлажак мустақил давлатининг бир қисми деб билишади. Фаластин мухторияти ташқи ишлар вазирлиги Кнессет қарорини қоралаб, Исроил Фаластин ери устидан суверенитетга эга бўлмаслигини маълум қилди.

Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни босиб олиш пайтида Исроил 700 000 яҳудий истиқомат қиладиган 160 га яқин аҳоли яшаш манзилгоҳларини қурган. Ҳисоб-китобларга кўра, улар билан қўшни ҳудудда 3,3 миллион фаластинлик истиқомат қилади.

Рубионинг ташрифи АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва президент Трампнинг икки махсус элчисининг минтақага ташрифидан сўнг бошланади. Америка маъмурияти томонларни Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режасининг иккинчи босқичи бўйича музокараларни бошлашга ундамоқда.

Ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларини қисман олиб чиқиш ва гуманитар ёрдамни қабул қилишни ўз ичига олган биринчи босқич октябр ойи бошида кучга кирди.

Исроил ҳам, Ҳамас ҳам бир-бирини келишувни бузганликда айблади, Исроил ҳатто анклавни бомбардимон қилди, аммо ҳозирча сулҳ сақланиб турибди.

Муваффақият қозониш эҳтимоли борасида Рубио Вэнс каби оптимистик кайфиятда.

«Ҳар куни бу [яраш]га таҳдидлар пайдо бўлади, лекин мен аслида келишувга эришиш бўйича жадвалдан олдинда эканлигимизга ишонаман», - деди у.

Тинчлик режасининг иккинчи босқичи Ғазода муваққат ҳукумат тузиш, халқаро барқарорлаштирувчи кучларни жойлаштириш, Исроил қўшинларини сектордан олиб чиқиш ва Ҳамасни қуролсизлантиришни назарда тутади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид