“Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб “A” ва “B” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади.

Бунда, талабгорлар:

  • ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил тайёрланади;
  • мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларни автомактабларда тўлиқ бажаради;
  • амалий машғулотларда тўлиқ қатнашгандан сўнг, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади;
  • амалий машғулотлардан ўтгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан эътиборан, “А” ва “В” тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.

3 ой муддат ичида йўл ҳаракати қоидалари, транспортни бошқариш хавфсизлиги ва бошқа йўналишлар бўйича зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга кўмаклашувчи электрон ўқув материаллари ишлаб чиқилиши лозим. Бу материаллар барча учун очиқ бўлади.

Қарорга асосан, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун ўқитиш ва имтиҳонларни топшириш бўйича алоҳида тартиб жорий этилиши ҳам белгиланди. ИИВ бу тартибни 2 ой ичида ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиши керак.