2025 йилнинг 9 ойи якунларига кўра Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 825,3 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтириб ўтилган.
Ҳисобот даврида аҳоли даромадларининг номинал кўринишдаги ўсиши 18,4 фоизни, реал ўсиш суръати эса 8,4 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич мос равишда 17,9 ва 7,7 фоиз бўлганди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар эса номинал қийматда 16,1 фоизга (2024 йилнинг III чорагида – 15,5 фоиз), реал кўринишда 6,3 фоизга (5,5 фоиз) кўпайди. Натижада 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида аҳоли жон бошига ўртача даромад 21,8 млн сўмга (17,4 млн сўм) етган.
Ҳудудлар кесимида даромадларнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (52 млн 29 минг сўм), Навоий (32 млн 52 минг сўм), Бухоро (25 млн 972 минг сўм), Хоразм (22 млн 817 минг сўм) ва Тошкент (21 млн 940 минг сўм) вилоятларида қайд этилган. Пойтахт ва 4 та вилоятда аҳоли жон бошига умумий даромадлар республикадаги умумий кўрсаткичдан баланд бўлган.

Бу борадаги энг қуйи кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси (14 млн 843 минг сўм), Наманган (15 млн 832 минг сўм) ва Сурхондарё (16 млн 483 минг сўм) вилоятларида қайд этилган. Пойтахт ва Қорақалпоғистондаги даромадлар фарқи 3,32 баробардан 3,51 баробарга етган.
Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Фарғона вилояти (13,4 фоиз), Тошкент шаҳри (10,3 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (6,6 фоиз) кузатилган. Аксинча Андижон (1,1 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (2,2 фоиз) ва Тошкент вилоятида (3,3 фоиз) аҳолининг реал даромадлари жуда кам миқдорда ўсган.
Аҳолининг умумий даромадлари таркиби
Ҳисобот даврида аҳоли умумий даромадларининг катта қисми мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларни ўз ичига олган меҳнат фаолиятидан олинган – 33,8 фоиз. Шунингдек, трансфертлардан олинган даромадлар (30,2 фоиз), йўлланма ишчиларнинг даромадлари (26,1 фоиз) ҳам салмоқли улушни эгаллайди.













