Ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учраган 9 яшар қиз тергов хонасида “укаларинг кўчада қолади” деб қўрқитилган. 68 ёшли "ота" эса кекса одам, дея ҳимоя остида. Kun.uz суҳбатлашган оналар вояга етмаган қизлари бошидан кечирган даҳшатлар ва ўзларининг иложсизликдаги изтиробларини сўзлашди. Ўз қизларига кўз олайтирганларнинг бири болаларни ҳимоя қилувчи “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида ишлаган.

Чора кўрилмаган ҳар бир рақам — тирик бола. Тирик фожиа. Ва бу фожиалар ортида айбдор фақат зўравон эмас — уни ҳимоя қилиб турган тизим ҳам бор. Охирги вақтда юзага чиққан Наманган ва Оҳангаронда ёш болаларнинг педофил қурбонига айланиши жамоатчиликни ларзага келтирди. Аммо оилаларда юз бераётган ва яширин қолаётган воқеалар кўплиги хавотирли. Бу кўрсатувимиз айнан ўз уйида ўз яқинлари томонидан хўрланаётган болалар ва уларни ҳимоя қилолмаётган тизим ҳақида.

1-ҳолат: Тошкент вилояти, Нурафшон

Нигора Россияда ишлайдиган эрининг у ерда оиласи борлигини билгач турмушдан ажрашган ва йиллар ўтиб бир қизчаси билан бошқа турмуш қурган. Ҳозир у тўрт фарзанднинг онаси ва 2-гуруҳ ногирони. Ҳали 9 га тўлмаган катта қизи бир неча йилдан бери ўгай ота томонидан жинсий тегажоғликка учраб келган.

“Ички ишларга мурожаат қилганимизда ҳам Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова шахсан қизим билан гаплашди. Мен буни кўтара олмасдим (ногиронлик сабабли), чиқариб юбориб гаплашишди. Ва маълум бўлдики, бола ҳақиқатан ҳам зўравонликка учраган. Чунки у 9 ёш эди, бола кўрмаган нарсасини бундай тасвирлай олмайди, жинсий ҳаётни бошдан ўтказмаган дейилди. Лекин бола 9 марта тергов қилинганда ҳам бирор марта психолог чақирилмади. Қизим гапира олмайди, эркакдан қўрқади. Шунда менинг хатойим аёл терговчи сўрадим. Шунда улар аёл терговчи жалб қилишди, аммо кейинчалик билсам у терговчи эмас, хатлар бўлимида ишлайдиган аёл экан. Шундан кейин эримнинг адвокати “терговга алоқаси йўқ одам тергов қилди” деб бутун бошли қилинган ишларни йўққа чиқарди”.

1-мурожаатда эркак қамоққа олинади. Аммо тергов жараёнида бола билан ишлаш учун психолог жалб қилиш талаби инобатга олинмайди ва бу эркак фойдасига ишлайди. Қамоқдан озод қилинган ва бундан хулоса чиқармаган эркак бу жиноятини яна давом эттиради. Энди қурбонлар 2 та бўлаётган эди. У ўзининг қизига нисбатан ҳам шундай ҳаракатлар қилаётган эди. Синглисининг ҳам ўзи каби қурбон бўлишини истамаган қизча онасига буни айтади.

“Мен судларнинг ишидан жуда норозиман. Болани тергов қиляпти, яна психологсиз қилиняпти. Аслида вояга етмаган бола бир марта тергов қилинади ва тергов мустаҳкамланади. Бола қайтиб безовта қилинмаслиги керак.