Россиянинг Иркутск шаҳрида ўлат касаллигига гумон ҳолати қайд этилди, аммо Ўзбекистонда бу борадаги вазият барқарор. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
«Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Россиянинг «Роспотребнадзор» ташкилоти расмий маълумотларига кўра, Иркутск шаҳрида кузатилган ҳолатнинг ўлат касаллиги, хусусан, унинг ўпка шакли билан боғлиқ экани ҳозирча тасдиқланмаган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли текширувлар олиб борилмоқда», деди у.
Қайд қилинишича, ўлат — бактериялар томонидан чақириладиган ўта хавфли юқумли касаллик. Унинг табиий ўчоқлари дунёнинг айрим ҳудудларида мавжуд. Хасталик асосан майда сут эмизувчи ҳайвонлар орасида учраб, инсонга кўп ҳолларда касалланган ҳайвонлар ва бурга чақиши орқали юқиши мумкин.
«Юртимизда шу ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар тизими яратилган. Хусусан, айни пайтда давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида (халқаро аэропортлар, темир йўл станциялари, автомобил йўллари) 53 та санитария назорат пункти фаолият юритмоқда. Улар орқали хориждан юртимизга кириб келаётган шахслар доимий тиббий кузатувдан ўтказилади», деди Отабеков.
Шу билан бирга, таъкидланишича, ҳудудий санитария-эпидемиология хизматларининг ўта хавфли юқумли касалликларни аниқлашга ихтисослашган лабораториялари зарур диагностик воситалар, озуқа муҳитлар, реагентлар ва реактивлар билан тўлиқ таъминланган.















