Жаҳон | 17:47 / 01.11.2025
14011
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик қаҳрамон: Сочидаги ёнғинда ҳайдовчи йигит она-боланинг ҳаётини қутқариб қолди

Россиянинг Сочи шаҳрида кўп қаватли уйда содир бўлган ёнғин пайтида ўзбекистонлик ҳайдовчи Шерзод Намозов ҳаёти хавф остида қолган аёл ва унинг боласини қутқарди. Унинг ёнғин вақтидаги хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда олқишларга сазовор бўлди.

Фото: Видеодан кадр

Сочи шаҳрининг Алпийская кўчасида жойлашган беш қаватли уйнинг мансарда қисмида 31 октябрь куни ёнғин чиқди.

Ёнғин вақтида ёш боласи билан хонада қолиб кетган аёл деразадан чиқиб ёрдам сўраган. Шу вақтда ўзбекистонлик ҳайдовчи Шерзод Намозов машинасида ҳодиса жойига мижозини олиб келиб туширади. Аёлнинг бақираётганини эшитган Шерзод дарҳол ёрдам шошилади. Бу вақтда аёл боласи билан кондиционернинг ташқи блоки устида жон сақлаган. Шерзод пастки қаватдаги хонадон ойнасидан чиқиб, дастлаб болани қутқаради. Сўнгра нарвон қўйиб, аёлни ҳам қутқариб олади.

Kun.uz'га маълум бўлишича, Шерзод Намозов Сурхондарё вилояти Термиз тумани Учқизил маҳалласидан. У рўзғор тебратаман деб Россияда такси ҳайдамоқда.

“Ёрдамга муҳтож инсонни кўрган одам унга ёрдам беришга шошилиши табиий. Мен фақат инсонийлик бурчимни бажардим”, — деди Шерзод Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билдиришича, ёнғин тахминан 600 квадрат метр майдонни қамраб олган. Ҳодиса оқибатида жами уч киши қутқарилган, бир неча киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид