Технология | 18:55 / 06.11.2025
3147
4 дақиқада ўқилади

Хитойда давлат қураётган дата-марказларда хорижий AI чиплардан фойдаланиш тақиқланди

Сўнгги ҳафтада Хитой регуляторлари 30 фоиздан кам қурилган дата-марказларга ўрнатилган барча хорижий AI чипларни олиб ташлашни буюрди. Бу қадам – АҚШнинг экспорт чекловларига жавоб, шу билан бирга Пекин ўта муҳим объектларини «хорижий технологиялардан тозалаётгани» нишонасидир.

Фото: Photoshot

Хитой ҳукумати янги йўриқномани эълон қилди: давлат маблағлари ажратилган барча янги маълумот марказлари (data-center) лойиҳалари фақат маҳаллий ишлаб чиқарилган сунъий интеллект чипларидан фойдаланиши шарт. Бу ҳақда масалага яқин икки манба Reutersʼга маълум қилган.

Хусусан, сўнгги ҳафтада Хитой регуляторлари 30 фоиздан кам қурилган дата-марказларга ўрнатилган барча хорижий чипларни олиб ташлашни ёки уларни харид қилиш режасини бекор қилишни буюрган. Қурилиши якунланиш арафасида бўлган лойиҳалар эса алоҳида тартибда кўриб чиқилади.

Нашрнинг ёзишича, бу қадам Пекиннинг ўта муҳим инфратузилмаларидан хорижий технологияларни тўлиқ чиқариб ташлаш бўйича энг қатъий сиёсати бўлиши мумкин. Айни пайтда Вашингтон билан савдо таранглиги фонида Хитойнинг AI чиплари билан ўз-ўзини таъминлаш мақсади кучайиб бормоқда.

Манбаларга кўра, ҳозирча бу йўриқнома бутун мамлакат бўйича амал қиладими ёки айрим провинциялар билан чекланганми — номаълум. Қайси регулятор органлар уни чиқаргани ҳам аниқланмаган.

Reuters таҳлилига кўра, 2021 йилдан бери Хитойдаги AI дата-марказ лойиҳаларига 100 миллиард доллардан ортиқ давлат маблағи йўналтирилган. Давлат томонидан қисман молиялаштирилган айрим лойиҳалар эса аллақачон тўхтатиб қўйилган.

АҚШ билан рақобат фонида кескин қарор

АҚШ ва Хитой ўртасида Nvidia каби компанияларнинг илғор AI чипларига кириш масаласи энг катта келишмовчиликлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу чиплар сунъий интеллектни ўқитиш ва юқори ҳисоблаш қувватини яратишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ҳафта Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашувдан кейин «Биз уларни Nvidia билан ишлашига рухсат берамиз, лекин энг илғор чиплар даражасида эмас», деганди.

Хитойнинг янги тўсиғи – Вашингтоннинг экспорт чекловлари ва технологик санкцияларига жавоб чоралари сифатида қаралмоқда. АҚШ бу чекловларни «Хитой армияси ядро ва AI салоҳиятини кучайтиради» деган хавотир билан асослайди.

Шу билан бирга, Пекиннинг юқоридаги қарори Nvidia'нинг Хитой бозоридаги улушини тиклаш умидларини сўндиради. Аммо маҳаллий компанияларга янги имкониятлар яратади.

Nvidia бош директори Женсен Ҳуанг Трамп маъмуриятига кўп бора мурожаат қилиб, Хитойга AI чиплари савдосини кенгайтиришни сўраган. Чунки унга кўра, «Хитой AI саноатини АҚШ технологияларига боғлиқ ҳолда ушлаб туриш – Америка манфаатига хизмат қилади».

H200 GPU / Фото: Nvidia

Йўриқнома АҚШ томонидан Хитойга сотишга рухсат берилган энг илғор модел – Nvidia'нинг H20 чипларини қамраб олади. Шунингдек, B200 ва H200 каби кучлироқ процессорларни ҳам. Гарчи уларнинг экспорти тақиқлаган бўлса-да, улар Хитойда «кулранг бозор» орқали мавжуд.

Давлат қатнашаётган лойиҳалардан чиқиб кетиш, Nvidia компаниясининг Хитойдаги даромади катта қисмининг йўқотилишига олиб келади. Ҳатто келажакда илғор чиплар савдосига рухсат берилса ҳам.

Маҳаллий компаниялар учун имконият ва хавф

Янги сиёсат натижасида Хитой ҳукумати маҳаллий чип ишлаб чиқарувчилар учун бозор улушини янада кенгайтиради. Мамлакатда Huawei Technologies, Cambricon, MetaX, Moore Threads ва Enflame каби компаниялар AI чип ишлаб чиқармоқда.

Уларнинг айрим маҳсулотлари Nvidiaʼнинг айрим моделларига тенглашган, бироқ дастурий таъминот муҳитидаги фарқ сабабли кўплаб ишлаб чиқувчилар ҳали ҳам Nvidia тизимига содиқ.

Бу қарор ички чип ишлаб чиқаришни кучайтиради, аммо АҚШ билан AI ҳисоблаш қуввати бўйича тафовутни янада кенгайтириш хавфини ҳам туғдиради.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид