28–29 июл кунлари Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Талантбек Солтобоев Қирғизистон ҳудудида қурилаётган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлининг асосий объектларига ташриф буюриб, қурилиш ишларининг бориши билан танишади.
“Кабар” ахборот агентлиги ёзишича, ташриф доирасида томонлар Қирғизистон ҳудудида туннеллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш масалаларини кўриб чиқиб, ишларни бажариш суръатлари ва келгусидаги вазифаларни муҳокама қилади.
Шунингдек, вазирлар қурилиш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан фикр алмашади.
Агентлик таъкидлашича, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўл лойиҳаси стратегик аҳамиятга эга бўлиб, уч давлат ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, транзит имкониятларни кенгайтириш ва янги халқаро транспорт йўлагини яратишга қаратилгандир.











