Германиянинг Berlin-Risk консалтинг компанияси мамлакат хусусий компанияларини Мюнхен техника университети (TU) билан ҳамкорлик қилишда эҳтимолий хавфларни ҳисобга олишга чақирди. Handelsblatt нашрининг 26 июл куни ёзишича, огоҳлантиришга университетнинг Хитой ва Россиядаги ҳамкорлари билан алоқалари сабаб бўлган.

Berlin-Risk маълумотларига кўра, Мюнхен техника университетининг дронлар соҳасида тадқиқот олиб борадиган олимлари мунтазам равишда ICASSE халқаро авиация конференциясида қатнашади.

Нашрнинг қайд этишича, конференция ташкилий қўмитасига хитойлик олимлар раҳбарлик қилади, унинг таркибида Москва авиация институти (МАИ) вакили ҳам бор. Форум доирасида авиация ва космик технологиялар, жумладан фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган икки хил мақсадли технологиялар муҳокама қилинади.

Германия томонидан ICASSE ташкилий қўмитаси таркибига Мюнхен техника университети профессори Флориан Холцапфел кирган. Handelsblatt уни вертикал учиш ва қўниш имкониятига эга учиш аппаратлари соҳасида нуфузли мутахассис сифатида таърифлаган. Шунингдек, профессор Хитой билан яқин илмий алоқаларга эга экани қайд этилган.

Университет хавф борлиги ҳақидаги фикрларга қўшилмади

Мюнхен техника университети Handelsblattʼга берган изоҳида мазкур алоқаларда муаммо кўрмаётганини билдирган.

Университет жорий йил апрел ойида Шанҳай Жяо Тонг университети (SJTU) билан учувчисиз учиш аппаратлари соҳасида ҳамкорлик дастурини расман бошлаган. Хитой университети ICASSE конференциясини ташкил этишда иштирок этувчи муассасалардан бири ҳисобланади.

TU вакилининг таъкидлашича, бундай халқаро конференцияларда турли йўналишлардаги кенг доирадаги мавзулар муҳокама қилинади. Университетнинг ICASSE доирасидаги иштироки эса ҳарбий хусусиятга эга бўлмаган.

TU Германия мудофаа компаниялари билан ҳам ҳамкорлик қилади

Berlin-Risk экспертлари Мюнхен техника университетининг Германия ичида мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги компаниялар билан ҳамкорлигига ҳам эътибор қаратган.

Жумладан, университет феврал ойида «Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги альянс»ни ишга туширган. Уни ташкил этиш бўйича келишув Бавария ҳукумати ва асосан Германия мудофаа саноатига тегишли бўлган 15 та компания томонидан имзоланган.

Шу сабабли Berlin-Risk мутахассислари университетнинг хорижий ҳамкорлари билан алоқалари мудофаа саноатидаги шериклар учун разведка билан боғлиқ эҳтимолий заифликларни юзага келтириши мумкинлигини таъкидлаган.