Жаҳон | 16:36 / 08.11.2025
5315
2 дақиқада ўқилади

Чехияда янги спикер парламент биносидан Украина байроғини олиб ташлади

Прагада парламентнинг янги раиси Томио Окамура 6 ноябр куни бино фасадидан Украина байроғини олиб ташлашни буюрди ва бу сиёсий можарога сабаб бўлди. Украина Олий Радасида спикернинг ҳаракати «шубҳали» деб баҳоланди.

Фото : Tomio Okamura/X

Октябр ойидаги парламент сайловларида мағлубиятдан сўнг истеъфога чиққан олдинги ҳукумат коалицияси вакиллари бу ҳаракатни «шармандалик» деб атади. Норозилик ифодаси сифатида улар парламентдаги иш хоналарининг ойналарига Украина байроғини илиб қўйди.

«Чехия Республикаси — энг аввало», — деб изоҳлади қарорига Окамура. Интернетда сиёсатчининг байроқни олиш жараёнида бошқа бир одамга нарвонни ушлаб тургани акс этган сурат тарқатилди.

Окамура кескин ўнг қарашли сиёсатчи сифатида танилган, у ўтмишда бир неча бор кескин шиор ва баёнотлари билан эътибор жалб қилган. Чоршанба куни «Эркинлик ва тўғридан тўғри демократия» партияси етакчиси Окамура парламент қуйи палатаси спикерлигига келажакдаги коалиция шериклари — популист ANO ҳаракати ва Motoriste sobě партияси қўллови билан сайланди.

Окамура ҳаракати фақат Чехияда эмас, мамлакат ташқарисида ҳам қoраланди. Украина Олий Радаси спикери Руслан Стефанчук 7 ноябр кечаси X платформасида: «Европа мамлакати парламентидан — халқи Украинага адолатли курашда ёрдам бериб келаётган бир пайтда — Украина байроғини олиб ташлаш — шубҳали ҳаракат», деб ёзди.

Россиянинг Украинага қарши қуролли ҳужуми бошлангач, Чехия парламенти биносига Киев билан ҳамжиҳатлик рамзи сифатида Украина байроғи илинган эди. У Чехия миллий байроғи, Европа Иттифоқи ва Исроил байроқлари қаторида турган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид