Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби мураббийлар штаби билан хайрлашди.
«Бош мураббий Илёс Зейтуллаев ҳамда унинг ёрдамчилари Алессандро Спинолио, Андрес Моауро ва Марко Никодемо ўз хоҳиши ва томонларнинг ўзаро келишувига кўра истеъфога чиқди», дейилади клуб хабарида.
Ўз навбатида Илёс Зейтуллаев ижтимоий тармоқда «Бунёдкор» мухлислари ва футболчилари билан хайрлашди.
«Ҳар бир нарсанинг ўз вақти-соати ва ўрни бор. «Бунёдкор» футбол клуби билан бирга бу ажойиб йўлни босиб ўтган ҳар бир инсон учун Худога шукр қиламан. Зеро, ҳар бирингиз ҳаётимда ўз изингизни қолдирдингиз», деб ёзди у.
Зейтуллаев 2024 йил апрель ойида «Бунёдкор» клубида бош мураббий ёрдамчиси сифатида иш бошлади. Шу йил кузида жамоани бош мураббий сифатида қўлига олди.
Унинг ўз сўзларига кўра, жамоага келганида «Бунёдкор» турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бўлган, ўтган (2025-йилги) мавсумни эса жамоа 5-ўринда якунлади.
2026 йилги мавсумдан олдин клуб кўп йиллик ҳомийсидан ажралди ва жиддий молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолди. Молиявий муаммолар сўнгги ойларда жиддий тус олди. Клуб аввал собиқ футболчиси Ривалдо олдидаги қарздорлик сабаб ФИФА томонидан трансфер тақиқига учради, кейин сафар ўйинига бориш учун маблағ топа олмади ва техник мағлубият ёзилди. Шундан сўнг клубга 5 млрд сўм ажратилди. Бироқ орадан кўп ўтмай, «Бунёдкор»нинг яна бир собиқ легионери — япон футболчиси Ицуки Урата олдидаги қарздорлиги бўйича ФИФА қарори маълум бўлди.
Айни пайтда клуб қаторасига 9 та ўйинни ютқазиб, Суперлигада 19 очко билан 15-ўринда бормоқда.



