Германия канцлери Фридрих Мерц 27 август куни RTL телеканалидаги дастурда ХДИ ва ГуМ ўртасида ҳамкорлик қилиш имкониятини рад этди.
Мерцнинг айтишича, ГуМ вакиллари Россиянинг Берлиндаги элчихонасига «мунтазам бориб туради» ва Россия расмийлари билан яқин алоқаларни сақлаб келади.
Канцлер ХДИ ва ГуМ ўртасидаги келишмовчиликлар фақат Россия масаласи билан чекланмаслигини таъкидлади. У ГуМ вакилларининг ХДИни «йўқ қилиш» ва Германиядаги мавжуд сиёсий тизимни «бузиш» ҳақидаги баёнотларини ҳам тилга олди.
Шунингдек, Мерц ГуМнинг еврозона, Шенген ҳудуди ва Европанинг ягона бозоридан чиқиш тарафдори эканига эътибор қаратди.
«Европа Иттифоқидан қисман чиқиб бўлмайди, НАТОдан қисман чиқиб бўлмайди ва ХДИни ҳам қисман йўқ қилиб бўлмайди», — деди Мерц.
Унинг таъкидлашича, икки партия позициялари ўртасида «принципиал» фарқлар мавжуд. Канцлер ГуМ Германиянинг «ички ва ташқи хавфсизлигига таҳдид солаётганини» ҳам айтди.
Мерц бу баёнотларни Саксония-Анҳалтдаги ер парламенти сайловларига бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт қолганида билдирди. Сўровларга кўра, ушбу ҳудудда ГуМ бошқа сиёсий партиялардан сезиларли даражада олдинда бормоқда.
Шу билан бирга, канцлер сайловларда ГуМ ғалаба қозонган тақдирда Саксония-Анҳалт ҳукумати қандай шакллантирилиши мумкинлиги ҳақида аниқ жавоб бермади.
Мерц 2024 йил кузида Тюрингия ва Саксонияда ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилганини эслатди. Ўшанда ГуМ сайлов натижалари бўйича энг кучли сиёсий кучга айланган, аммо ҳукумат тузишга муваффақ бўлмаган.
2026 йил сентябрида Берлин, Мекленбург — Олд Померания ва Саксония-Анҳалтда ер парламентларига сайловлар ўтказилади. Сўровларга кўра, Мекленбург — Олд Померания ва Саксония-Анҳалтда ГуМ ҳозирча энг оммабоп партия бўлиб қолмоқда.





