Президент Шавкат Мирзиёевга темирйўл соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йиллар учун режалар тақдимот қилинди.

«Темирйўл тармоғида бошланган кенг кўламли трансформация жараёнлари ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади. Ўтган йилни тармоқ илк бор соф фойда билан якунлади, жорий йилнинг биринчи тўққиз ойида соф фойда 800 миллиард сўмдан ошди. Транзит ва йўловчи ташиш, экспорт ва инвестиция ҳажмлари ўсиб бормоқда», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Тақдимотда бу натижалар билан чекланмай, аҳоли сони ва иқтисодиёт ўсишига мос равишда темирйўл транспорти хизматларининг сифати ҳамда қамровини кенгайтириш, тармоқда харажатларни қисқартиришни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, транспорт ҳисобидан бошлаб, ҳаракат оқимигача бўлган барча босқичларда сунъий интеллект асосида назорат ўрнатиш орқали харажатларни таҳлил қилиш, йўл қўйилаётган йўқотишларни аниқлаш ва шу асосда таннархни 20 фоизга камайтириш мумкинлиги қайд этилди.
2026–2030 йилларда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини камида икки баробарга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Буни таъминлаш учун 151 километр янги темирйўл қуриш, 182 километр масофадаги йўлларни электрлаштириш, шунингдек, 27 та мавжуд станция ва 1 минг километр йўлни модернизация қилиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Жумладан, «Нурафшон – Пскент – Бўка – Бекобод – Боёвут – Янгиер» ва «Ховос – Даштобод» йўналишларида электрлаштирилган янги темирйўллар қурилади. «Қумқўрғон – Қудуқли», «Самарқанд – Ургут» ва «Байтқўрғон – Паркент» йўлларини электрлаштириш, «Тошкент – Самарқанд», «Тўқимачи – Ангрен» ва «Ангрен – Поп» йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш режалаштирилган.
Республика бўйлаб шаҳарлар атрофида қатнайдиган поездлар ҳаракатини фаоллаштириш мақсадида мавжуд 40 та йўналишга қўшимча яна 15 та янги йўналиш очиш таклиф қилинди.
Хусусан, «Тошкент – Нурафшон – Оҳангарон – Ангрен», «Навоий – Зарафшон – Учқудуқ», «Қўқон – Наманган – Андижон – Марғилон», «Термиз – Қумқўрғон – Бойсун – Дарбанд», «Нукус – Шовот – Урганч – Хива», «Жиззах – Дўстлик – Айдар-Арнасой кўли», «Қарши – Шаҳрисабз» каби йўналишларда шаҳар атрофи қатновларини йўлга қўйиш орқали аҳолининг кундалик сафарлари учун қулай шароит яратилиши қайд этилди.








