Жаҳон | 09:52 / 14.11.2025
16177
2 дақиқада ўқилади

Таиландда «жаҳон даражасидаги рус ҳакери» қўлга олинди

Таиланд киберполицияси Европa ва АҚШ давлат тизимларига ҳужум қилишда айбланаётган 35 ёшли россияликни қўлга олди. АҚШ расмийлари унинг экстрадициясига эришмоқчи.

Фото: TCSD / сайт ФБР

Таиландда АҚШ талаби асосида АҚШ ва Европа давлат муассасалари тизимларига киберҳужумларда гумонланаётган Россия фуқароси қўлга олинди. Таиланд ҳокимият идоралари хабар беришича, гап «35 ёшли жаҳон даражасидаги ҳакер» ҳақида кетмоқда ва уни АҚШга экстрадиция қилишга ҳозирлашмоқда. Россиянинг Пхукетдаги Бош консули Егор Иванов маълум қилишича, Москва томони ушланган шахсга консуллик кўмагига рухсат олишга интилаяпти.

Таиланд киберполицияси маълумотларига кўра, россиялик 6 ноябр куни ФТБ агентлари билан ҳамкорликда ўтказилган махсус операция чоғида Пхукет оролида қўлга олинган. У 30 октябр куни мамлакатга кириб келган ва Таланг туманидаги меҳмонхонада жойлашган. Тинтув вақтида ундан ноутбуклар, мобил телефонлар ва криптоҳамёнлар мусодара қилинган. Россияликка тегишли криптоҳисобларда 14 миллион батдан (тахминан 432 минг АҚШ доллари) ортиқ маблағ музлатиб қўйилган. Терговга кўра, бу маблағлар киберфирибгарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Айбланувчининг исми расман очиқланмаган. Бироқ «Вот так» нашри қайд этишича, ФТБ базасида кибержиноятлар учун қидирилаётган 35 ёшли фақат бир россиялик мавжуд — бу Мурманск вилоятида туғилган, Россия Бош разведка бошқармасининг (ГРУ) 26165-ҳарбий қисмига бириктирилган катта лейтенант Алексей Лукашев.

ОАВ маълумотларига кўра, 26165-ҳарбий қисм ҳузурида Россия ҳарбий разведкаси хизматчисидан иборат Fancy Bears ёки APT28 деб аталувчи ҳакерлик гуруҳи фаолият юритади.

ФТБ ҳужжатларига мувофиқ, Лукашев 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашув ва Демократик партия серверларига бузиб кириш иши бўйича айбланувчилардан бири ҳисобланади. Унинг исми ушбу ишдаги 12 нафар айбланувчи орасида келтирилган. Fancy Bear гуруҳи Ҳиллари Клинтон штаби электрон почтаси ва Франция президенти Эммануэл Макроннинг ёзишмалари бузиб кирилиши юзасидан олиб борилган терговларда ҳам тилга олинган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид