Россиянинг давлат статистика идораси — Росстат Россия ҳукумати мажбурлаш, алдов ёки пул тўлаш орқали Украинага қарши урушга жалб қилган 11 335 нафар чет элликнинг ўлимини қайд этган.

Гап Россия ҳудудидан ташқарида туғилган ёки бошқа давлат фуқаролигига эга бўлган шахслар ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги 11 ноябр, чоршанба куни хабар берди.

Маълумотлар Росстатнинг 11 миллиондан ортиқ ўлим қайдларини ўз ичига олган базасидан олинган. Унда вафот этганларнинг фуқаролиги, туғилган жойи ва ўлим ҳолатлари ҳақидаги қўшимча маълумотлар ҳам мавжуд.

Ушбу маълумотлар базасини беларуслик «Киберпартизаны» ҳакерлари ва Украинанинг Silent Crow ҳакерлик гуруҳи қўлга киритган. Кейинчалик улар материалларни журналистларга тақдим этган.

Ўлим ҳолатларининг ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқлиги ҳужжатларда кўрсатилган тафсилотлар асосида аниқланган.

Ҳужжатларда «махсус ҳарбий операция», «ўққа тутишлар», «учувчисиз учиш аппаратлари» каби иборалар, шунингдек, махсус кодлар учраган.

Ҳисоб-китобга 2022 йил 24 февралдан 2026 йил август ойи охиригача бўлган даврдаги қайдлар киритилган.

Россия армияси чет элликлар билан қандай тўлдирилмоқда?

Россия армиясига жалб қилинган чет элликларнинг салмоқли қисмини собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан чиққанлар ташкил этади.

Фронтда фуқаролари энг кўп ҳалок бўлаётган мамлакатлар орасида Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари алоҳида ажралиб туради.

Ҳалок бўлганларнинг яна тахминан 3700 нафари Украина фуқаролигига эга бўлган ёки мамлакат мустақилликка эришганидан кейин Украина ҳудудида туғилган.

Манзилларга оид маълумотлар уларнинг аксарияти ҳозир Россия оккупацияси остида бўлган Украинанинг шарқий ва жанубий ҳудудларида яшаганини кўрсатмоқда.

Россиянинг қуролли ҳужуми бошланганидан кейин мамлакат куч ишлатар тузилмалари ўзини ўзи эълон қилган «Донецк халқ республикаси» («ДХР») ва «Луханск халқ республикаси» («ЛХР») ҳудудларидаги маҳаллий эркакларни кўп ҳолларда мажбуран армияга жўнатган.