Жаҳон | 12:08 / 18.11.2025
9756
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси террорчиликка алоқадорлик гумони билан қўлга олинди

Fox News хабарига кўра, ўзбекистонлик 31 ёшли Аҳрор Бозоров АҚШга ноқонуний кириб келганидан сўнг тижорат юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлаган. У бўйича Ўзбекистон томонидан 2022 йилда халқаро қидирув эълон қилингани айтилмоқда.

Фото: АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси

АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) маълумотларига кўра, Аҳрор Бозоров 2023 йил феврал ойида Америкага ноқонуний равишда кириб келган. У чегарада Қўшма Штатлар чегара хизмати томонидан ушланса-да, кейинчалик Байден маъмурияти даврида мамлакат ичига киришга рухсат берилиб, 2024 йил январ ойида ишлаш учун расмий рухсатнома олгани қайд этилмоқда.

ICE’нинг хабар беришича, Аҳрор Бозоров 9 ноябр куни Канзас штатида юк машинасини ҳайдаб кетаётган пайтида қўлга олинган. У Пенсилвания штатидан тижорат ҳайдовчилик гувоҳномаси (CDL) олган бўлиб, унда Аҳрор Бозоров Филаделфия шаҳрининг Сомертон туманида яшаши кўрсатилгани айтилган.

Маълумот учун, Пенсилвания штатида фуқаролиги бўлмаганларга ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш масаласи бўйича сиёсий тортишувлар давом этяпти, лицензия бериш жараёнида муҳожирлик мақоми электрон тизим орқали текширилади.

Аҳрор Бозоров иши АҚШда тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасини олган муҳожирларга нисбатан назоратни кучайтириш ҳақидаги баҳслар кучайган бир пайтга тўғри келгани қайд этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид