Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Муҳаммад бин Салмон сиёсий саҳнага қайтди: Трамп билан янги “катта битим” кутиляпти
АҚШ президенти Доналд Трамп 18 ноябр куни Оқ уйда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни қабул қилади. Мутахассислар фикрича, томонлар мудофаа масалалари, ядровий энергетика, сунъий интеллект ҳамда Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш юзасидан музокаралар олиб боради.
Кузатувчилар фикрига кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга бу сафари, у ерда уни 18 ноябр куни президент Доналд Трамп қабул қиладиган бўлса, икки асосий натижага олиб келади: дўстона муҳит ва бир қатор имзоланган ҳужжатлар.
"Икки томон ҳам музокаралар улкан муваффақият билан якунланганини кўрсатадиган йирик битим ёки бир неча келишувларга эришишни хоҳлайди", – дея фикр билдирди DW'га Лондондаги Chatham House таҳлилий марказининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури бўйича илмий ҳамкори Нил Куиллим.
Мутахассислар баҳосича, шаҳзода бин Салмон учун бу сафар унинг Вашингтондаги сиёсий саҳнага бутунлай қайтиши рамзи ҳисобланади. Унинг охирги марта 2018 йилда АҚШга қилган сафари Саудия ҳокимияти танқидчиси Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги Саудия консулхонасида ўлдирилиши ортидан келиб чиққан қаттиқ норозиликлар соясида ўтган эди. Журналист ўлдирилиши ортида Саудия Арабистони турибди, деган фикр кенг тарқалган.
Шундан бери унинг АҚШ билан икки томонлама алоқалари катта даражада тикланди. 2025 йил январ ойида Трамп Оқ уйга қайта келганидан сўнг илк хорижий ташрифини Ар-Риёдга амалга оширди ва у ерда саудияликлар Америка иқтисодиётига 600 миллиард доллар сармоя киритишини эълон қилди.
Бу сафар эса Вашингтонда томонлар, эҳтимол, сунъий интеллект (СИ), инвестициялар, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек Яқин Шарқдаги беқарор вазиятни инобатга олган ҳолда ядровий энергетика масалаларини муҳокама қилади.
Июн ойида Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий объектларига ҳаводан зарбалар берган эди. Сентябрда исроилликлар Қатарда жойлашган ҲАМАС Фаластин ҳаракати раҳбарлари вакилларига ҳужум қилди. Октябрда эса АҚШ воситачилигида ҲАМАС ва Исроил ўртасида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви Ғазо секторида деярли икки йил давом этган урушга якун ясади.
"Шаҳзода бин Салмон Трамп Қатар билан имзолаган келишувдан кам бўлмаган даражада хавфсизлик бўйича келишувга эришишни истайди", – дея тахмин қилди Chatham House марказидан Нил Куиллим.
Сентябр ойида Исроил Доҳада бўлган ҲАМАС раҳбарларига ҳужум қилганидан сўнг, Трамп Қатар билан икки томонлама келишувлар тузиб, унга хавфсизлик кафолатларини тақдим этган эди. Президент фармони билан кучга кирган бу келишув Сенат ратификациясини талаб қилмайди, шунинг учун, эҳтимол, Трампнинг иккинчи президентлик муддати тугагач, унинг амал қилиш муддати ҳам якунланади.
"Мудофаа пакти ишлаб чиқилганига камида уч йил бўлди, аммо бу жараённи тезлаштириш зарур, чунки қатарликлар бу борада олдинга чиқиб кетди", – деди DW'га Лондондаги Қироллик мудофаа таҳлиллари институти (RUSI)нинг Яқин Шарқ бўйича катта маслаҳатчиси Майкл Стивенс.
ҲАМАС томонидан 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужум ва Ғазо секторида уруш бошланишидан олдин Исроил ва Саудия Арабистони, эҳтимол, АҚШ воситачилигида, Иброҳим келишувлари деб аталган жараён доирасида муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувни имзолаш арафасида эди. Бошқа араб давлатлари – Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Судан ва Марокаш – буни 2020–2021 йилларда амалга оширган.
Саудия Арабистони учун ўша амалга ошмай қолган келишув, кўпроқ, уч томонлама битим бўларди: унинг доирасида АҚШ подшоҳликка хавфсизлик кафолатларини – НАТО аъзолари иттифоқдан оладиган ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга яқин миқёсда – тақдим этарди. Ҳужжатнинг бир қисми сифатида Саудиянинг тинч мақсадлардаги ядровий дастури ҳам кўзда тутилган.
Бироқ Ғазо секторида уруша бошлангач, Ар-Риёд Яқин Шарқдаги можаро "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал қилинишига ишончли йўл топилмагунча Исроил билан келишув имзоламаслигини маълум қилди. Бошқача айтганда, Исроилга ёнма-ён мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши керак. Аммо бундай режани Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу очиқчасига рад этган.
Шу қарама-қаршиликка қарамасдан, Доналд Трамп бир неча бор Саудия Арабистони, охир-оқибат, Иброҳим келишувлари иштирокчисига айланишига ишонч билдирди. Ноябр ойида берган телеинтервюсида Трамп Ар-Риёд яқин орада бу келишувларга қўшилишини, бу Фаластин давлатини тузиш бўйича силжиш бўлса ёки бўлмаса-да, амалга ошишини тахмин қилди.
Шу билан бирга, Нил Куиллимнинг таъкидлашича, "ҳозирча Трамп саудияликлардан Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича қатъий мажбурият олишга эриша олмайди".
Куиллим фикрича, бундан кўра, Вашингтондаги учрашув пайтида АҚШ раҳбари шаҳзода бин Салмондан Саудия Арабистонидан Ғазо секторида Оқ уй бошлаган тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олишга уриниб кўради – фақат сиёсий эмас, балки молиявий жиҳатдан ҳам: Фаластинни тиклашга ёрдам бериш ва Сурияга кўмак таклиф этиш орқали.
Бошқа томондан, Ар-Риёд АҚШдан Фаластин давлатини тузиш ғоясини қатъий қўллаб-қувватлашни, шунингдек, Ғазо секторидаги ўт очишни тўхтатиш жараёнини "иккинчи босқич"га ўтказиш мажбуриятини сўрайди. Бу босқичга Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан чиқиши, ҲАМАСнинг қуролсизлантирилиши, ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва Ғазода кўп миллатли хавфсизлик кучларини жойлаштириш киради.
"Қўшма Штатларнинг хавфсизлик бўйича мажбуриятларини таклиф этар экан, Трамп Исроилнинг минтақага интеграцияси яна кун тартибига қайтиши ва охир-оқибат Исроил билан Ар-Риёд ўртасидаги муносабатлар нормаллашишига эришишга умид қилмоқда", – дея қўшимча қилди Chatham House вакили Куиллим.
"Менимча, тинч ядровий энергетика ҳақида ҳам суҳбат бўлади", – дейди RUSI эксперти Майкл Стивенс. Унинг фикрича, АҚШ Саудия Арабистонининг Покистон билан яқинда имзолаган мудофаа келишуви ва унда ядровий таркибий қисм бор-йўқлиги борасида ташвишда.
"Менимча, америкаликлар Саудия Арабистони ядровий соҳада ўз йўли билан, назоратсиз ҳаракат қилишини хоҳламайди", – дея аниқлик киритди Стивенс.
Ядровий масалалардан ташқари, Вашингтон, кутилишича, сунъий интеллект (СИ) мавзусини ҳам кўтаради. RUSI эксперти айтишича, "Трамп Ар-Риёднинг АҚШда сунъий интеллект технологиясини ривожлантиришга оид инвестицияларга ёки Саудия ҳудудида Америка тадқиқот марказлари фаолиятига муносабати қандайлигини билишни истайди".
Стивенс шунингдек, Оқ уй ҳамон давом этаётган "компютер чиплари уруши" ва сунъий интеллект соҳасидаги пойгада, умуман олганда, глобал технология рақобатида Ар-Риёднинг АҚШ томонида туриш мажбуриятини қўлга киритишга умид қилмоқда, деб ҳисоблайди.
Саудия Арабистони ўзининг Vision 2030 иқтисодий ислоҳотлар дастури доирасида даромад манбаларини диверсификация қилиш ва сунъий интеллект соҳасида ўз индустриясини яратишга интиляпти.
Мавжуд келишмовчиликларга қарамасдан, томонлар, эҳтимол, нефт қазиб олиш ҳажми масаласида турлича фикрда қолади. АҚШ уни оширишни хоҳласа, Ар-Риёд "қазиб олишни оширишга мораторий жорий қилишни хоҳлаяпти, чунки нефт нархи саудияликларнинг кутган даражасига мос эмас", – дея тахмин қилди Майкл Стивенс.
Бошқа бир тортишув нуқтаси Саудия Арабистонидаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазият бўлиши мумкин. Бироқ Стивенс бу соҳадаги тафовутлар Оқ уйдаги музокараларга соя ташлайди, деб ўйламаяпти.
"Менимча, бу жуда самарали ва дўстона учрашув бўлади. Кўрамиз, у нимага олиб келади – чунки улар (Трамп ва шаҳзода бин Салмон) ҳал этиши керак бўлган жуда кўп геосиёсий масалалар бор", – дея хулоса қилди Стивенс.
Мавзуга оид
13:33
«Менсиз Исроил бўлмасди» – Трамп Исроилнинг Ливандаги ҳарбий тактикасини танқид қилди
22:24 / 16.06.2026
Трамп Европа Иттифоқи таъсирида Украина бўйича позициясини ўзгаргартирди — ОАВ
18:52 / 16.06.2026
АҚШ ва Эрон келишуви. Нималар маълум?
20:26 / 15.06.2026