17 ноябр куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазога доир АҚШ томонидан тайёрланган резолюцияни қабул қилди. У президент Доналд Трампнинг урушни тугатишга доир режасини қўллаб-қувватлаш ва Фаластин анклави учун халқаро барқарорлаштириш кучларига рухсат беришни назарда тутади.

Исроил ва Ҳамас октябрь ойида Трампнинг Ғазо бўйича 20 банддан иборат режасининг биринчи босқичига – икки йиллик урушдаги сулҳ ва гаровдагиларни озод қилиш келишувига — рози бўлганди. БМТ резолюцияси эса ўтиш даври бошқарув органини қонунийлаштириш ҳамда Ғазога қўшин юборишни кўриб чиқаётган давлатларни ишонтириш учун муҳим ҳисобланади.

Нега АҚШга БМТ мандати керак?

Трамп маъмурияти БМТ мандатини излагани бежиз эмас. Чунки Ғазога барқарорлаштириш кучлари сифатида қўшин юбориши мумкин бўлган давлатлар – Миср, Индонезия, Туркия, БАА – ўз халқлари томонидан «оккупант» сифатида кўрилмаслигини хоҳлайди. Бунинг учун эса БМТ мандати зарур.

Резолюция, шунингдек, Жаҳон банкига Ғазони қайта тиклаш учун молиявий ресурслар ажратиш ваколатини беради. Ва шу мақсад учун махсус ишонч жамғармаси ташкил этишга чақиради.

Таҳлилчиларга кўра, овоз бериш — Трамп маъмурияти учун муҳим дипломатик ғалаба ва БМТнинг аҳамиятини тан олиш бўлди. Охирги икки йил давомида Исроилни қатъий қўллаб-қувватлагани учун АҚШ БМТда кўп жиҳатдан якка қолган эди.

Резолюция ва унинг ноаниқ томонлари

Резолюция матнида аъзо давлатлар – Ғазодаги ўтиш даври ҳокимияти сифатида кўрилган Тинчлик Кенгашида иштирок этиши мумкинлиги айтилади. Шунингдек, резолюция Ғазода қуролсизлантириш жараёнини: қуролларни утилизация қилиш ва ҳарбий инфратузилмани йўқ қилиш орқали таъминлайдиган Халқаро барқарорлаштириш кучларига ҳам рухсат беради.

Фото: Reuters

ISF мандатида Ҳамас каби қуролли гуруҳларни қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш ваколати берилган. Бироқ тинчликпарварлар юборадиган давлатлар Ҳамас билан тўқнашишни истайдими-йўқми — бу ҳам номаълум. Ҳозиргача бирорта давлат тинчликпарвар куч жўнатишга мажбурият олмаган. Ғазога қўшин юборувчилар ичида тахминан: Туркия, Индонезия, БАА ва Озарбойжон каби давлатлар бор.