Жаҳон | 16:19 / 21.11.2025
1489
3 дақиқада ўқилади

Сенатор Грэм: Оқ уй Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаяпти

Доналд Трамп дам олиш кунлари голф ўйнаётган пайтида Сенатдаги республикачилар етакчисини Россияга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини илгари суришга чақирган, деб хабар берди ташаббус муаллифларидан бири Линдси Грэм.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини Конгрессда илгари суриш зарурлигини айтди, деб маълум қилди унинг муаллифи, республикачи сенатор Линдси Грэм. Унинг сўзларини CNN телеканали чоршанба, 19 ноябр куни кечқурун келтирди. Грэмнинг айтишича, бу илтимосни Трамп Сенатда республикачилар етакчиси Жон Тюнга якшанба, 16 ноябр куни голф ўйини вақтида билдирган.

Шундан сўнг, сенатор таъкидлашича, «тахминан икки соат муқаддам» Оқ уй унга президент маъмурияти ушбу ҳужжатни маъқуллашини баён этган расмий билдирув юборган.

Ҳозирча 80 дан ортиқ сенатор қўллаб-қувватлаётган қонун лойиҳаси нефт, газ, уран ва бошқа маҳсулотларни Россиядан сотиб олувчи мамлакатлардан келтириладиган импортга 500 фоизлик божхона божлари жорий этишни назарда тутади. Бу лойиҳа апрел ойида сенаторлар Линдси Грэм ва Ричард Блюментал томонидан таклиф қилинган эди.

Грэмнинг фикрича, Конгресс ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиши керак, шунда АҚШ Россия президенти Владимир Путин билан музокараларда «босим ўтказиш воситалари»га эга бўлади. «Агар сиз Путинни музокаралар столига ўтқазмоқчи бўлсангиз, у ҳолда Россияга қарши 28 ёки 12 банди бор қандайдир режалар муваффақият қозонмайди — агар Путин биз Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришимизни ва арзон рус нефтини сотиб олаётганларни таъқиб қилишимизга ишонмаса», — деди у.

CNN маълумотларига кўра, Жон Тюн бу позицияни қўллаб-қувватлаб, журналистларга қуйидагиларни айтган: «Биз Россия ва Украина ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш учун маъмуриятга зарур барча воситаларни берганимизга ишонч ҳосил қилмоқчимиз». Унга кўра, Грэм қонун лойиҳасини «ушбу мақсадга эришиш учун муҳим восита» деб ҳисоблайдиган ўнлаб сенаторлардан бири.

Шу билан бирга, Сенатдаги республикачилар етакчиси қонун лойиҳасини Конгрессдан ўтказиш осонроқ бўлишини қайд этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид