2025 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклифнинг бирдек ўсиши кузатилган. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди. 

Ҳисобот даврида хорижий валютага бўлган талаб 48,4 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўп. Валюта таклифи эса (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда) 41,2 млрд долларга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 26 фоизга юқори.

Валюта бозоридаги таклифнинг яна бир манбаи Марказий банк томонидан сотиб олинган монетар олтин доирасидаги стерилизация операциялари (халқаро захираларнинг нейтраллик тамойили асосида) орқали валюта маблағларининг сотилиши ҳисобига таъминланган. 

Юридик шахсларнинг валюта операциялари

Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2025 йилнинг дастлабки 10 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсган бўлса, улар томонидан валюта таклифи ҳажми 38 фоизга ошган. Хусусан, экспорт тушумлари ҳисобига шаклланадиган валюта таклифи ҳажми ушбу даврда 18 фоизга ошиб, 14,5 млрд долларга етган. Ушбу экспорт тушумларнинг 8,1 млрд доллари ёки 56 фоизи ички валюта бозорида сотилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ёки 6,6 млрд долларга кўп).

Шунингдек, ушбу даврда ички валюта бозорига 7,3 млрд долларлик валюта маблағлари банклар томонидан хорижий кредитлар ҳисобидан сотилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63 фоизга кўп).

Сотиб олинган хорижий валютанинг асосий қисми – 51 фоизи ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 27 фоизи – хорижий валютадаги кредитларни сўндириш, 17 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 2 фоизи – хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси ва қолган 3 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

Жисмоний шахсларнинг банклар билан операциялари

Жисмоний шахслар банкларга 17,4 миллиард доллар сотди — бу ўтган йилга (13,2 миллиард) нисбатан 1,3 баравар кўп. Аҳоли томонидан валюта сотиб олиш 24 фоизга ошиб, 9,6 миллиард долларга етди.

Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 7,8 млрд долларга ортиқ бўлди (2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробар кўп).