Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп ва Си қўнғироқлашди
24 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раҳбари Си Жинпинг билан телефонлашди. Трамп Пекин билан муносабатларни «жуда мустаҳкам» деб таърифлади, Си эса Тайваннинг «Хитойга қайтиши» ҳақида гапирган.
Олдиндан эълон қилинмаган бу қўнғироқ — икки етакчи Жанубий Кореяда учрашганидан бир неча ҳафтадан сўнг бўлиб ўтди. Ўша учрашувда улар ҳали якунланмаган савдо битими бўйича келишувга эришганди.
«Хитой ва Қўшма Штатлар — Иккинчи жаҳон уруши натижаларини ҳимоя қилиш учун бирга ишлаши лозим», деган Си. У яна «Тайваннинг Хитойга қайтиши – урушдан кейинги халқаро тартибнинг ажралмас қисмидир», дея қўшимча қилди.
Хитой Тайванни ўз ҳудуди деб билади ва орол устидан назоратни куч билан қўлга олишни истисно қилмайди. Орол ҳукумати эса Пекиннинг бу даъвосини рад этади ва келажагини фақат Тайван халқи белгилаши мумкинлигини айтади.
Трамп эса Си билан бўлган «жуда яхши» суҳбат ҳақида ёзиб, Тайванни умуман тилга олмади. Унга кўра, суҳбат Украина, фентанил ва АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби «кўплаб мавзуларни» қамраб олган.
Трамп Доналд суҳбатдан сўнг апрел ойида Пекинга боришга розилик берганини билдирди. Шунингдек, у Сини АҚШга таклиф этган.
Хитойнинг расмий хабарномасида Тайван алоҳида урғу билан тилга олинган. Чунки айни вақтда АҚШ иттифоқчиси Япония Хитой билан сўнгги йиллардаги энг кескин дипломатик инқирозга юз тутган. Шу ойда Япония бош вазири — Тайванга қарши эҳтимолий Хитой ҳужуми Япониянинг ҳарбий жавобига сабаб бўлиши мумкинлигини айтганди.
Бу воқеалар фонида, бир неча ҳафта ичида АҚШ Тайванга 330 миллион долларлик қурол савдосини маъқуллади.
Трамп Япониянинг Хитой билан авж олган дипломатик тортишувида бевосита иштирок этмаган. Бироқ АҚШнинг Япониядаги элчиси — АҚШ Токиони Хитойнинг «босими»га қарши қўллаб-қувватлашини айтган.
Ғазодаги «мудҳиш» ҳуманитар вазият
БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус координатори офиси — Ғазода аҳоли яшайдиган ҳудудларга уюштирилган сўнгги Исроил зарбалари нозик сулҳни хавф остига қўяётганини айтди. Шунингдек, расмийлар барча томонларни ўзларини тийишга ва келишув бўйича мажбуриятларини бажаришга чақирди.






