Бир неча кун олдин Тошкентда Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 2026 йилда ҳам давом эттириш бўйича битим тузилди. Бу янгиликка тармоқ фойдаланувчилари турлича муносабат билдиришди. Хўш, бу келишув замирида икки томон учун қандай манфаатлар бор?

Электр ёки газ билан боғлиқ хабарларга ўзбекистонликлар анчагина таъсирчан. Бу борадаги янгиликлар, имзоланган шартномалар-у, олди-сотдилар ҳамиша жамоатчилик диққат-эътиборида бўлиб келади.

Масалан, бир неча кун олдин Тошкентда “Ўзэнергосотиш” ва DABS компаниялари ўртасида Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 2026 йилда ҳам давом эттириш бўйича битим тузилди. Бу янгилик остида “ўзимизда свет йўқ, афғонларга нега сотяпмиз?”, “хавсизлик нуқтайи назаридан шундай қилишга мажбурмиз” деган мазмундаги изоҳларни кўриш мумкин.

Аммо охирги йиллардаги вазиятни чуқурроқ таҳлил қилсак, ҳолат бир қарашда пайдо бўладиган мулоҳазалардан анчайин фарқ қилади.

Бу хайрия эмас, тижорий битим

Афғонистонга электрни текинга бермаяпмиз, бунинг учун улар пул тўлашади. Ҳа, тўловлар бўйича кечикишлар ва муаммолар бўлган. “Толибон” марказий ҳокимиятни эгаллагач, дастлабки босқичда оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қолганди. Мамлакатнинг 9,4 млрд доллардан иборат давлат захиралари АҚШ томонидан музлатиб қўйилди. Натижада Афғонистонга электр экспорт қилувчи қўшни давлатлар билан тўловларни амалга оширишда муаммолар пайдо бўлди.

Расмий Кобул электрга бўлган ички эҳтиёжнинг ярмидан кўпроқ қисмини Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан импорт ҳисобига қоплайди. Бунинг учун тўловлар масаласида кейинги йилларда вазият яхшиланган. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, Афғонистон етказиб берилган электр энергияси учун Ўзбекистон олдидаги тўлов мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти. Олдинги ҳукуматнинг қарзларини ҳам ҳозирги ҳукумат тўлиқ тўлаган. Пули-Хумри электр узатиш линиясини қуриш якунлангач, электроэнергия экспорти бир неча каррага ошиши ҳам мумкин экан.

Ўзбекистонда электр энергияси профицити

Энергетика вазирлигига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси етишмовчилиги масаласида муаммо қолмаган. Охирги йилларда қурилган ўнлаб электр станциялари ҳисобига, генерация қилинаётган энергия ички эҳтиёжни тўла қондира олади. Свет ўчишлари эса, расмийлар изоҳига кўра, ток етишмовчилигидан эмас: эскирган тармоқлар баъзи вақтларда мавжуд юкламани кўтара олмай қоляпти. Тармоққа юклама максимал кўрсаткичга яқинлашганда, тақсимлаш пунктлари ишдан чиқмаслиги учун ҳудудий электр корхоналари таъминотни узиб қўйишга мажбур бўлади. Ҳар ҳолда, расмий изоҳ шундай.