“Солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш ва фаол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 8-бандида ёзилишича, Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклифи асосида, 2026 йил 1 январдан бошлаб Наманган вилоятида янги солиқ бошқаруви модели синовдан ўтказилади.

Эксперимент доирасида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва (ёки) ер солиғи бўйича умумий суммаси 1 млн сўмдан ошган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланиш жорий этилади. Механизмнинг тўлиқ тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Солиқ қўмитаси эксперимент натижалари асосида уни бошқа ҳудудларда жорий этиш бўйича таклифларни 2026 йил 1 октябргача Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.

Қарорга асосан, жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотлар тижорат банклари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари фойдаланувчиларига илованинг асосий саҳифасида акс эттириб борилади. Марказий банкка бу масалада Солиқ қўмитасига амалий ёрдам кўрсатиш топшириғи берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ноябр ойидан эътиборан Тошкент шаҳрида чиқинди тўловидан қарздор абонентларга электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти чеклаб қўйила бошланди. Бундай тартиб декабр ойидан бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўйилади.