Олий Мажлис Сенатининг 18-пленар мажлисида “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун маъқулланди.

Сенат матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қонун аввал Сенатнинг 17-пленар мажлисида кўриб чиқилиб, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига юборилган. Кейинчалик сенаторлар ва депутатлардан иборат келишув комиссияси манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳужжатни қайта ишлаб чиққан.

Конституциявий қонун IT-парк ҳудудида фаолият юритувчи Enterprise Uzbekistan Рақамли технологиялар халқаро маркази учун инглиз ҳуқуқи тамойилларига асосланган ҳуқуқий пойдевор яратади.

Қонунга мувофиқ, Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини йўлга қўйиш ва чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарувни амалга ошириш ҳамда асосий мансабдор шахсларни тайинлаш Ўзбекистон президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, Марказда мослашувчан солиқ ва божхона режими жорий этилиши, айрим фаолият турларини солиқлардан озод қилиш, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб кириш тартибини соддалаштириш кўзда тутилган.

Марказ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва бошқариш учун “ягона дарча” механизми ташкил этилади. Шу билан бирга, интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар жорий этилади.

Кутилмоқдаки, Марказ фаолияти мамлакатнинг рақамли хизматлар экспортини 2030 йилга бориб 5 миллиард АҚШ долларига етказишга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиётда 300 мингдан ортиқ янги юқори даромадли иш ўрни яратиш ва иқтидорли ёшларни Ўзбекистоннинг ўзида жаҳон стандартларига мос иш ҳақи билан таъминлаш учун шароит яратилиши режалаштирилган.

Қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асос яратиши кутилмоқда. Бу эса Apple, Google, Microsoft ва Amazon каби йирик трансмиллий IT-компанияларни Ўзбекистон бозорига тўғридан-тўғри жалб қилиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.

Сенаторларнинг фикрича, янги ҳуқуқий режим ЯИМда IT-сектор улушини ошириш, рақамли соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва IT-хизматлар экспортини кенгайтиришга хизмат қилади.