АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси шуни кўрсатадики, Қўшма Штатлар Европадан юз ўгирмоқда, деб ҳисобламоқда баъзи немис сиёсатчилари. Уларнинг бу борадаги фикрларини ГФР ОАВ якшанба, 7 декабр куни чоп этди.
«Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери илк бор шундай ҳолат кузатиляптики, АҚШ энди европаликлар томонида эмас, — деди, хусусан, ҳукмрон Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) партиясининг халқаро сиёсат бўйича мутахассиси, Бундестагдаги ХДИ/ХСИ фракцияси раҳбарининг ўринбосари Норберт Рёттген Redaktionsnetzwerk Deutschland медиагуруҳи нашрларига берган интервюсида. — Улар энди Украина томонида ҳам эмас — айнан шу мамлакатга халқаро ҳуқуққа мутлақо зид равишда, йўқ қилишга қаратилган шафқатсиз уруш олиб бориляпти».
Рёттгенга кўра, янги миллий хавфсизлик стратегияси «АҚШ ўз ташқи сиёсий мақсади сифатида Европадаги мамлакатлар ички ишларига аралашишни белгилаётганини» кўрсатади. Бу аралашув эса ушбу мамлакатларнинг ички тузумини MAGA (“Make America Great Again” — “Американи яна буюк қилиш”) ҳаракатининг идеологик тасаввурларига мос равишда ўзгартиришга қаратилган.
Бу мақсадга эришиш учун ҳозирги АҚШ ҳокимияти Европада либерал демократиянинг «ички душманлари» билан ҳамкорлик қиляпти, деб ҳисоблайди у. Германия мисолида бу – ГуМ (AfD) партияси. Агар АҚШнинг бу стратегияси муваффақият қозонса, «Евроиттифоқ энди мавжуд бўлмайди», деб ишонади Рёттген.
Бундан олдин «Иттифоқ-90/«Яшиллар» партияси ҳамраисларидан бири Франциска Брантнер Funke медиагуруҳи нашрлари, жумладан Berliner Morgenpost газетасига берган интервюсида, АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси муносабати билан «Европанинг ҳозир ўз келажагини мустақил равишда яратиш имконияти бор», дея таъкидлади. «Бу имкониятни қўлдан чиқармаслигимиз керак», — деб огоҳлантирди у.
Шу билан бирга, Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул ушбу ҳужжатда сўз эркинлиги мавзусида айтилган танқидларга шарҳ берар экан, «бу ерда (Европага – таҳр.) кимдир бизга маслаҳат бериши керак, деб ўйламайман», деди.
АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси 5 декабр куни Оқ уй сайтида эълон қилинди. Ҳужжатда Европадаги вазият кескин танқид қилинади. АҚШ ҳукумати баҳосича, Европа учун жиддий муаммолар қаторига миграция сиёсати, «фикрни эркин ифода этишга нисбатан цензура ва сиёсий мухолифатни бостириш, туғилиш даражасининг кескин пасайиши, шунингдек миллийлик ва ўзига ишончни йўқотиш» киради.
Ҳужжатда АҚШнинг «асосий манфаатларидан бири» сифатида Украинада ҳарбий ҳаракатларни мумкин қадар тезроқ тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш қайд этилган. Бунинг мақсади «Европа иқтисодиётини барқарорлаштириш, урушнинг кутилмаган кескинлашуви ёки кенгайишининг олдини олиш, Россия билан муносабатларда стратегик барқарорликни тиклаш, шунингдек Украина урушдан кейин тикланишини таъминлаш» сифатида ифодаланган.









