Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраевни қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Энергетика вазирлигига таяниб 24.kg хабар берди.
Қайд қилинишича, Ўзбекистон етакчиси сув энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда минтақавий аҳамиятга молик қўшма лойиҳаларни, энг аввало, «Қамбар Ота-1» ГЭС қуриш лойиҳасини самарали илгари суриш муҳим эканини таъкидлаган.
«Минтақанинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йилда Қирғизистон ва Қозоғистон билан биргаликда «Қамбар Ота-1» гидроэлектр станциясини қуриш лойиҳасини молиялаштиришни бошлаймиз», деб Шавкат Мирзиёев сўзларини келтирди нашр.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистондаги «Қамбар Ота-1» ГЭС қурилиши қиймати 4,2 миллиард долларга баҳоланмоқда, халқаро молия институтлари томонидан молиялаштиришнинг умумий портфели эса 5,6 миллиард долларга етган.
Томонларнинг иштирок этиш улуши қуйидагича тақсимланган: Қирғизистон - 34 фоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон - 33 фоиздан. Ҳар бир мамлакат электр энергиясини ўз улушига мутаносиб равишда олиши мумкин бўлади, бунда бозор шароитлари ва эҳтиёжларга қараб тузатишлар киритилиши мумкин.









