Соғлом ҳаёт | 11:27
345
2 дақиқада ўқилади

Мажбурий наркологик даволаш 18 ойдан ошмаслиги қонунан белгилаб қўйилди

Адлия вазирлиги томонидан “Мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Унга кўра, суд қарори асосида мажбурий даволанаётган наркологик беморларни даволаш муддати 18 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги қонунан белгиланди.

Фото: Getty Images

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, мазкур низом 2025 йил 6 декабр куни 3720-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат наркологик касалликка чалинган шахсларни суд қарори асосида мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш жараёнини қандай тартибда ташкил этиш лозимлигини белгилайди.

Низомга мувофиқ, беморлар муассасага қабул қилинган кундан эътиборан 5 кунлик муддат ичида уларни мажбурий даволашнинг аниқ давомийлиги белгиланади. Даволаш муддати:

наркология муассасаси раҳбари;
2 нафар нарколог шифокордан иборат тиббий комиссия томонидан белгилаб қўйилади.

Энг муҳими, наркологик беморларни мажбурий тарзда даволаш муддати 18 ойдан ошмаслиги қонунан чеклаб қўйилган.

Беморлар наркология муассасасидан қуйидаги ҳолатларда чиқарилади:

мажбурий даволаш муддати тугагач ва беморнинг соғлиғининг клиник ҳолати ҳисобга олинган ҳолда;
мажбурий даволашни ўтказишга тўсқинлик қиладиган қўшимча оғир касалликлар аниқланганда.

Мазкур низом мажбурий даволаш жараёнини бир хил тартиб асосида йўлга қўйиш, беморлар ҳуқуқларини ҳуқуқий ва тиббий кафолатлар билан муҳофаза қилиш ҳамда наркология муассасалари фаолиятини аниқ қоидалар асосида тартибга солишга қаратилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид