Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида дрон хизматларини кўрсатувчи алоҳида марказ ишга туширилган бўлиб, у мазкур соҳада мутахассислар тайёрлаш ва агродронларга сервис хизматини кўрсатиш имконини бермоқда. Жорий йилнинг ўзида 100 дан ортиқ дрон ёрдамида ер майдонлари ва экинлар мониторинги, шунингдек, илғор агротехник тадбирлар амалга оширилган.

Келгуси йили Хитойдан яна 50 дан ортиқ замонавий агродрон олиб келинади. Ҳар бир вилоятда камида 2 тадан дрон мобил комплекси орқали фермер ва кластерларга агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, аграр соҳада дронлар учун белгиланган учиш оғирлиги чегараси ҳозирги 100 килодан 250 килогача оширилади. Бу эса кенгроқ майдонларни қамраб олиш, қишлоқ хўжалиги ишлари самарадорлигини янада ошириш имконини беради.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида қишлоқ хўжалигида рақамли технология ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали харажатларни камайтириб, юқори ҳосилдорликка эришаётган фермер ва кластерлар сони ортиб бораётганини таъкидлаб, бу тенденцияни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.