Украина етакчиси Киев чоршанба куни АҚШга тинчлик режасининг янгиланган версиясини топширишини ҳам айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина, АҚШ ва Киевнинг Европадаги иттифоқчилари ўртасидаги музокаралар жараёни доирасида тинчлик сулҳи учун асос бўлиши керак бўлган жами учта ҳужжат муҳокама қилинмоқда.
Қуйида – Володимир Зеленскийнинг асосий баёнотлари келтирилади.
Украинадаги сайловлар ҳақида
«Ҳамкорларимизга ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки, Украинадаги сайловлар масаласи, менимча, аввало халқимизга боғлиқ ва бу бошқа давлатлар халқининг эмас, Украина халқининг масаласи.
Очиқ айтаман, сайловга тайёрман. Агар биз ҳокимиятга ёпишиб олганимиз ёки шахсан мен президентлик курсисига ёпишиб олганим ва шунинг учун уруш тугамаётгани ҳақидаги шамаларни эшитдим – бу, тўғрисини айтсам, мутлақо нохолислик.
Сайловларни ўтказиш учун иккита масала бор: биринчи навбатдагиси хавфсизлик – буни қандай ўтказиш керак, зарбалар, ракеталар остида қандай қилиш керак; шунингдек, ҳарбийларимиз масаласи: улар қандай овоз бериши бўйича. Сиз буни биласиз ва такрорламоқчи эмасман. Иккинчи масала – сайловлар ўтказилишининг қонунийлиги учун қонуний асос.
Ва бу масалани бугун АҚШ президенти, ҳамкорларимиз кўтараётгани учун мен жуда қисқа жавоб бераман: мен сайловга тайёрман. АҚШдан бу борада ёрдам беришни сўрайман, АҚШ европалик ҳамкасблар билан биргаликда сайловлар учун хавфсизликни таъминлаши мумкин, шунда кейинги 60–90 кун ичида Украина сайловларни ўтказишга тайёр бўлади. Бунга шахсан менда ирода ва тайёргарлик бор.
Яна бир гап. Агар иш шундай кетадиган бўлса, мен фракциямиз депутатларидан, умуман олганда, бизнинг парламентарийларимиздан ҳарбий ҳолат даврида қонунчилик асослари ва Сайлов тўғрисидаги қонунни ўзгартириш имконияти тўғрисида қонунчилик таклифларини тайёрлашни сўрайман. Мен эртага Украинада бўламан, ҳамкорлардан таклифлар кутаман, депутатларимиздан ҳам таклифлар кутаман – ва сайловга боришга тайёрман».
Тинчлик режаси ва учта ҳужжат ҳақида
«20 банддан иборат доиравий ҳужжат бор. У доимо ўзгариб туради ва бу нормал ҳолат. Украина, Европа ва тинчлик манфаатларига жавоб бериши керак бўлган жонли тузилма.
Иккинчи ҳужжат – бу хавфсизлик кафолатлари, биз бунинг устида ишлаяпмиз. Мен ҳарбийларимиздан тегишли таклифларни ва уларнинг америкалик ҳамкорлар билан мулоқотини кутяпман. Ва буларнинг барчаси „кўнгиллилар коалицияси“ асослари билан бирлаштирилиши керак. Буни аниқ айтиш қийин, лекин сиз буни кўрасиз. Хавфсизлик кафолатлари – биз ва АҚШ, биз ва европаликлар ўртасидаги муҳим ҳужжатдир.









