Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд автомобил заводининг устав капиталидаги 75,2 фоиз давлат улушини Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига сотиш бўйича битим якунланганини маълум қилди.

Келишувга кўра, Anadolu Isuzu сотиб олинаётган улуш учун 80 млн доллар тўлайди ва корхонани ривожлантириш учун яна 80 млн доллар инвестиция киритиш мажбуриятини олади.

«Битимни амалга ошириш учун инвестор томонидан Туркия Республикасининг тегишли тартибга солувчи органларидан барча зарур рухсатномалар олиниб, SamAuto устав капиталидаги 75,2 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича жорий йил 19 ноябр куни олди-сотди шартномаси имзоланди ва 9 декабр куни 80 млн АҚШ доллари миқдоридаги сотиб олиш тўлови Давлат активлари агентлигининг Хусусийлаштириш жамғармасига келиб тушди. Ўз навбатида, Хусусийлаштириш жамғармасидан 1 трлн сўм миқдоридаги маблағ жорий йил 10 декабр куни республика бюджетига ўтказилди», дейилади Давактив хабарида.