Самарқанд автомобил заводидаги улушларнинг назорат пакети Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига сотилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, компаниянинг 75,2 фоиз улуши учун харидор давлатга 80 млн доллар тўлайди ва яна 80 млн доллар инвестиция киритади.
Қўшма корхонанинг Япониядаги иштирокчилари – Itochu Corp ва Isuzu Motors (ҳар иккиси 12,4 фоиздан улушга эга) давлат улушининг Anadolu Isuzu'га сотилишини қўллаб-қувватлаган.
Ушбу хусусийлаштириш бўйича Туркия компанияси билан 2024 йил июн ойида англашув меморандуми имзоланган эди. Ҳозирга келиб, якуний келишувни Ўзбекистон ҳукуматининг хусусийлаштириш бўйича комиссияси маъқуллаган. Битим Туркия регулятори рухсат берганидан кейин якунланади.
Давактив хабарида айтилишича, харидорнинг 80 млн долларлик инвестиция мажбурияти доирасида Ўзбекистонда катта сиғимли (12–18 метрли) автобуслар ва электробуслар ишлаб чиқариш, мамлакат бўйлаб лицензияланган сервис марказларини ташкил этиш ҳамда автобусларни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Африкага экспорт қилиш кўзда тутилган.
“Инвесторнинг нарх таклифи молиявий консултант KPMG томонидан SamAuto'даги давлат улушини сотиш мумкин бўлган нархлар оралиғида жойлашган ва халқаро мустақил баҳоловчи “PwC” халқаро компанияси томонидан аниқланган қийматга мувофиқ”, – дейилади расмий релизда.
Жараёнда юридик консултант сифатида Dentons қатнашган.
SamAuto ҳақида
Самарқанд автомобил заводи 1996 йилда “АвтоВАЗагрегат” заводи негизида, Туркиянинг Coç Holding компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Заводнинг дастлабки номи “SamKochAvto” бўлган ва унда UzOtoyol бренди остида автобуслар ишлаб чиқарилган.
Бугунги кунда завод Isuzu бренди остида юк машиналари ва автобуслар, шунингдек, Isuzu D-Max пикапларини ишлаб чиқаради.
“Ўзавтосаноат” маълумотига кўра, 2025 йилнинг январ-август ойларида Самарқанд автомобил заводида 309 та автомобил ишлаб чиқарилган.
Харидор ҳақида















