Жаҳон | 07:35
693
3 дақиқада ўқилади

440 миллион киши офлайн: интернетга кириш муаммоси қайси давлатларда кучли?

Глобал миқёсда интернетга уланиш даражаси ўсишда давом этаётганига қарамай, ҳали ҳам юз миллионлаб одамлар интернетга кириш имконига эга эмас. Бу минтақалар кесимида кескин фарқ қилади — бунга уланиш нархи, инфратузилма ҳолати, тил тўсиқлари ва рақамли саводхонлик даражаси таъсир қилади.

Фото: Depositphotos

Юқорида тақдим этилган янги инфографика интернетга кириш имконига эга бўлмаган аҳолиси энг катта бўлган мамлакатларни рейтинг тартибида кўрсатади ва рақамли тафовут қаерда энг яққол эканини очиб беради. Айниқса, тез ўсиб бораётган иқтисодиётларда бу тафовут катта: алоқа тармоқлари ривожи аҳоли сони ўсишига улгурмай қолмоқда.

Маълумотлар We Are Socialнинг Digital 2026 Global Overview Report ҳисоботидан олинган. Унда интернетга уланмаган одамлар сони келтирилади ва бу кўрсаткич ҳар бир мамлакатнинг умумий аҳолиси сонига нисбатан таққосланади.

Ҳиндистон интернетга кириш имкониятига эга бўлмаган одамлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда: 440 миллиондан ортиқ киши ҳали ҳам офлайн.

Сўнгги йилларда мобил кенг полосали интернетнинг ўсиши вазиятни яхшилади, аммо мамлакат аҳолиси жуда катта бўлгани учун ҳатто 30 фоиз офлайн улуш ҳам уланмаганлар сонининг ниҳоятда катта бўлиб қолишига олиб келади. Ҳиндистоннинг ўзида офлайн аҳоли сони АҚШ ва Канада аҳолисини бирга қўшгандан ҳам кўп.

Эфиопия, Танзания ва Уганда каби мамлакатларда интернетсиз аҳоли улуши 70 фоиздан 80 фоизгача етади. Бу юқори кўрсаткичлар кенг полосали алоқа инфратузилмасининг чеклангани, қурилмаларнинг кам тарқалгани ва мобил интернет трафиги нархининг даромадларга нисбатан қимматлиги билан изоҳланади.

Ҳатто минтақанинг йирик иқтисодиётлари ҳисобланган Нигерия ва Конго Демократик Республикасида ҳам аҳолининг ярмидан кўпи офлайн қолмоқда.

Хитой ва Индонезияда интернетга уланмаганлар сони мутлақ рақамларда катта бўлса-да, улуши анча паст. Хитойда бу кўрсаткич атиги 8,4 фоиз, бу эса ривожланган интернет инфратузилмаси ва смартфонларнинг кенг тарқалганини акс эттиради. Индонезияда уланиш суръати тез ўсмоқда, аммо мамлакат минглаб ороллардан иборат географик тарқоқлиги сабаб 55 миллион киши ҳали ҳам интернетсиз қолмоқда.

Шу билан бирга, Покистон ва Бангладеш ўртача уланиш даражасини кўрсатмоқда: мобил тармоқлар кенгаяётганига қарамай, интернетга уланмаган аҳоли улуши 50 фоиздан юқори.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид