Бир неча кун олдин алғов-далғов бўлиб кетган дунё дипломатиясида кутилмаган воқеа содир бўлди. Беларус президенти Александр Лукашенко 123 маҳбусни озод қилди. Улар орасида 2020 йилги йирик ҳукуматга қарши намойиш етакчилари ҳам бор эди.
Лукашенко Трамп билан келишганидан кейин уни ҳукуматдан кетказмоқчи бўлган одамларни озод қилишга рози бўлди. Бекорга эмас, албатта, Вашингтон Беларусга қарши баъзи санкцияларни бекор қилди. Бу иш дунё дипломатияси инқирозга юз тутган бир вақтда содир бўлгани билан аҳамиятли.
Ким ўзи улар?
Беларусдаги қамоқхоналардан умумий ҳисобда 123 маҳбус озод қилинди. Улар орасида 2020 йилги сайловда қатнашиш истагини билдирганидан кейин қамоққа ташланган Виктор Бабарико, намойишлар ташкилотчиларидан бўлган мухолифатчи Мария Колесникова, ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Лабкович, тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауриати Алес Беляцкий ва яна кўплаб сиёсий маҳбуслар бор эди. Озод қилинганларнинг аксари айнан Лукашенко истеъфосини талаб қилиб ўтказилган намойишлар сабаб қамоққа олинган сиёсий маҳбуслар.
Озод қилинган 123 маҳбусдан 114 нафари кутилмаганда Укринага юборилди. Одатда Беларусдан озод қилинган сиёсий маҳбуслар Литвага юборларди, лекин бу гал уруш кетаётган Украина варианти қабул қилинди. Маҳбуслар Украинага юборилиши варианти охирги дақиқаларда маълум бўлганига қарамай, Киев таклифни тезда қабул қилган.
Озод қилинган Виктор Бабарико ва Мария Колесникова 2020 йилги намойишлар вақтида мамлакатни тарк этмаса, қамоққа олинишини билган ҳолда Беларусда қолганди. Шу боис улар беларуслар орасида қаттиқ ҳурмат қилинади. Бир сўз билан айтганда, Лукашенко 2020 йил унинг истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиққан халқни намойишга бошлаган мухолиф лидерларини озод қилди. Олдинроқ 2020 йил Лукашенконинг энг асосий сиёсий рақиби сифатида қаралган Сергей Тихановский ҳам қамоқдан чиқарилганди. Лукашенко нега ўзининг сиёсий душманларини озод қилди?
Дипломатия ғалабаси
Албатта, Лукашенко виждони уйғониб сиёсий маҳбусларни қўйиб юборгани йўқ, бу иш амалга ошиши учун АҚШ президенти маъмурияти кўп тер тўкди. Ҳа, беларуслик сиёсий маҳбуслар озод қилинганининг энг асосий сабабчиси – АҚШ президенти Доналд Трамп. У Лукашенкони «кучли лидер» деб мақтади, махсус вакилини учрашув учун Беларусга юборди, санкцияларни олиб ташлашини айтди. Хуллас, Трамп АҚШ дипломатияси қилиши керак бўлган энг асосий ишни уддалади – сиёсий маҳбусларни озод қилди.
















