Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Токиодан Санкт-Петербургга йўл олди
Японияга ташриф дастуридан ўрин олган расмий тадбирлар якунлангач, Ўзбекистон президенти Санкт-Петербургга жўнаб кетди. У ерда Евроосиё Олий иқтисодий кенгаши йиғилиши ва МДҲ етакчиларининг норасмий саммити бўлиб ўтади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи якунига етди.
Ташриф доирасида давлат раҳбари Япония императори Нарухито, бош вазир Санаэ Такаичи, парламентнинг икки палатаси раҳбарлари, парламентдаги Ўзбекистон билан дўстлик лигаси фаоллари, ҳукумат аъзолари, Нара шаҳри мэри ҳамда етакчи олийгоҳлари ректорлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорлик ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Япониянинг йирик компаниялари, молия институтлари раҳбарлари билан бизнес форум ва икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Икки давлат етакчилари томонидан Ўзбекистон – Япония муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарувчи Келажак авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланиши ташрифнинг асосий натижаси бўлди.
Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, сув ресурслари, транспорт, шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги ва табиий офатлар хавфини камайтириш соҳаларида салмоқли келишувлар тўплами қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади, ушбу форматдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Саммит якунида Токио декларацияси қабул қилинди.
Ташриф доирасида Токиода санъат усталарининг концерти, “Янги Ўзбекистон” фотокўргазмаси ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмасини ўз ичига олган Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.

Япониядаги тадбирлар якунлангач, Ўзбекистон президенти Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг бўлажак йиғилиши ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги етакчиларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Россияга жўнаб кетди.
“Ханэда” халқаро аэропортида президент Шавкат Мирзиёвни Япония парламенти депутати Мунео Сузуки, ташқи ишлар вазири ўринбосари Оцуру Тэцуя ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
