Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рейтинг: интернет фойдаланувчилари сони энг кўп бўлган 20 та мамлакат
2025 йилда Ер юзи аҳолисининг 74 фоизи — тахминан олти миллиард киши интернетдан фойдаланади. Бу ўтган йилга нисбатан кўпроқ: ўшанда дунё аҳолисининг 71 фоизи (тахминан 5,8 миллиард киши) тармоқда бўлган.
Фото: Shutterstock
Ўсиш давом этаётганига қарамай, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмидан кўпроғи ҳануз офлайн қолмоқда. Интернетга кириш имконияти даромад даражасига кўра ҳам кескин фарқ қилади: юқори даромадли мамлакатларда аҳолининг 94 фоизи интернетдан фойдаланса, паст даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич атиги 23 фоиз.
Юқорида келтирилган янги инфографика интернет фойдаланувчилари умумий сони энг катта бўлган 20 та мамлакатни рейтингга қўяди ва кўпинча ҳал қилувчи омил интернет қамрови даражаси эмас, балки аҳоли сони катталиги эканини кўрсатади. Визуализация учун маълумотларни Datareportal платформаси тақдим этган.
Биринчи ўринда Хитой — тахминан 1,3 миллиард интернет фойдаланувчиси, бу мамлакат аҳолисининг 90 фоизидан кўпроғи демакдир. Ундан кейин Ҳиндистон келади — интернетга кирувчилар сони 1,03 миллиарддан сал кўпроқ, интернет қамрови эса анча паст — тахминан 70 фоиз. Хитой ва Ҳиндистон биргаликда интернет фойдаланувчилари сони бўйича биринчи йигирматаликдаги бошқа барча давлатлар қўшилганидан ҳам кўпроқни ташкил қилади.
Икки етакчи ўриндан кейинги қисми эса йирик ривожланаётган бозорлар — жумладан Индонезия, Бразилия, Покистон ва Нигерия интернет фойдаланувчилари сони бўйича аллақачон кўплаб ривожланган иқтисодиётлар билан рақобатлашаётгани ёки улардан ўзиб кетганини яққол намоён қилади. Бу глобал онлайн фаоллик маркази Глобал Жануб давлатлари томон силжишда давом этаётганини кўрсатади.
Дунёда интернет тез суръатларда ўсаётган бўлса-да, Африка ҳали ҳам энг йирик онлайн жамоалар орасида кам намоён бўлган. Нигерия — биринчи ўнликка кирган ягона Африка давлати, қитъадан жами иккита давлатгина топ-20га киради. Бу Африканинг кўп ҳудудларида интернет қамрови пастлиги, инфратузилма муаммолари, уланишнинг қимматлиги ва имкониятлар чеклангани билан изоҳланади.
Россияда эса Datareportal маълумотларига кўра, камида 136,6 миллион интернет фойдаланувчиси бор. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат дунёда 6-ўринни эгаллайди.
Мавзуга оид
16:34 / 23.12.2025
Эҳтиёжларингиз ва бюджетингизга қайси мобил тарифлар мос келади?
07:35 / 13.12.2025
440 миллион киши офлайн: интернетга кириш муаммоси қайси давлатларда кучли?
12:54 / 10.12.2025
Пахта ва ғалла фермерлари учун рейтинг жорий этилади
09:06 / 10.12.2025