Қайд этилишича, янгиланган тартибга кўра қабул жараёнидаги асосий янгиликлар қуйидагилар:

Кундузги таълимга қабул бўйича янги тартиб

Академиянинг бакалавриат дастури бўйича кундузги таълим шаклига қабул квотасининг 80 фоизи бўйича фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари қабул қилиниши белгиланди. 

Бунда «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» таълим йўналиши бўйича қабул истисно экани қайд этилган. 

Масофавий таълим жорий этилади

2025-2026 ўқув йилдан бошлаб Академияда ички ишлар органларида камида 3 йил иш стажига эга бўлган ходимлар учун масофавий таълим шакли жорий этилади. 

Масофавий таълим муддати:

  • олий маълумотга эга бўлмаганлар учун — 4 йил;
  • олий маълумотга эга бўлганлар учун — тўлов-контракт асосида 3 йил этиб белгиланади. 

Сертификатлар бўйича имтиёзлар

Математика, физика ва кимё фанларидан миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга номзодларга мазкур фанлар бўйича синовларда белгиланган тартибда максимал ёки пропорционал (табақалаштирилган) балл берилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, 2024 йил 1 мартга қадар умумтаълим фанлари бўйича берилган миллий сертификатлар учун сертификат олинган пайтда амалда бўлган имтиёз татбиқ этилиши қайд этилган.

IT-сертификатлар учун қўшимча балл ва 2-курсга тўғридан тўғри қабул

Нуфузли халқаро профессионал даражадаги IT-сертификатга эга бўлган ва «Рақамли технологиялар» йўналишига ҳужжат топширган номзодларга математика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл берилиши белгиланган.

Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган битта номзод мазкур йўналишнинг 2-курсига тўғридан-тўғри қабул қилиниши айтилган.

Информатика имтиҳонида амалий топшириқлар сони оширилди

Информатика ва ахборот технологиялари фанидан билетларда 1 та назарий савол, 2 та амалий топшириқ бўлиши белгиланди.

Тайёрланиш учун 30 дақиқа вақт берилиб, комиссия аъзолари томонидан 60 баллик тизимда баҳоланиши кўрсатилган.

Ёшга оид талабда ўзгариш

Қатор бандлардаги “қабул йилида 41 ёшга тўладиган” ибораси “40 ёшдаги” ибораси билан алмаштирилгани маълум қилинган.