Ҳукумат қарори билан “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 578-сон қарорга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Янги тартибга кўра, кириш имтиҳонларида иштирок этиб, белгиланган минимал баллни тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар вакант ўринлар қолган таълим йўналишларига танловда иштирок этиши мумкин.

Имтиҳон натижалари эълон қилинганидан бир ҳафта ўтгач, абитуриентларга фанлар мажмуаси ва таълим тили мос келадиган вакант йўналишларга рўйхатдан ўтиш учун бир ҳафта вақт берилади.

Бўш ўринларга қабул абитуриентлар тўплаган баллар кетма-кетлиги, яъни рейтингга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Талабаликка тавсия этилганлар базавий тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан шакллантирилган қайдномалар эса олий таълим ташкилотларида қабул бўйича тегишли буйруқларни расмийлаштириш учун асос бўлади.

Шунингдек, қабул тартибининг 74-бандига ҳам ўзгартиришлар киритилган. Аввал Давлат комиссияси ваколатига кирган айрим қарорларни қабул қилиш ваколати эндиликда олий таълим ташкилоти ректори ёки директорига ўтказилган.