Ўзбекистон | 14:21 / 31.12.2025
2046
2 дақиқада ўқилади

Камида 5 минг маҳаллада спорт майдончалари барпо этилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида аҳоли, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Лойиҳада оммавий спорт инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида камида 5 мингта маҳаллада спорт майдончалари барпо этиш режалаштирилмоқда.

Стратегия лойиҳасига мувофиқ, жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни яхшилаш ҳамда аҳолининг фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади. Шу доирада камида 5 мингта маҳаллада спорт майдончалари барпо этиш мақсад қилинган. Ушбу ташаббус маҳаллаларда спорт билан шуғулланиш имкониятларини яқинлаштириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган.

Лойиҳада оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш орқали ёшлар қамровини 8 миллиондан ошириш ҳам режалаштирилган. Бундан ташқари, спорт билан шуғулланишга жалб қилинган аҳоли улушини 36 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, хусусий спорт марказлари, фитнес-майдонлар ва тўгараклар билан ҳамкорлик асосида 7–35 ёшли аҳолининг спорт машғулотларига доимий қатнашиш даражасини 40 фоизга ошириш мақсади белгиланган. Бу орқали маҳалла даражасидаги спорт инфратузилмаси билан хусусий сектор имкониятларини уйғунлаштириб, машғулотлар учун барқарор муҳит яратиш кўзда тутилади.

Профессионал спорт йўналишида эса спорт-таълим муассасаларида мунтазам шуғулланувчи ёшлар улушини 10 фоизга ошириш, спорт соҳасига хусусий инвестициялар ҳажмини 50 фоизга кўпайтириш режалаштирилган. Умумтаълим мактабларида ташкил этилган спорт клубларида 950 мингта ёш мунтазам шуғулланиши учун имконият яратиш мақсади ҳам лойиҳада қайд этилган.

Мазкур чора-тадбирлар спорт инфратузилмасини кенгайтириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини ҳаёт меъёрига айлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид