Ўзбекистон | 10:36
526
2 дақиқада ўқилади

Ўртача умр давомийлиги 78 ёшга етказилиши режалаштирилмоқда

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш орқали ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсад қилинган. Лойиҳада соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағлар улушини ошириш, шунингдек, айрим касалликлардан эрта ўлим ва касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш бўйича аниқ индикаторлар белгиланган.

Фото: Бахром Хатамов

Стратегия лойиҳасига кўра, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сифатида қайд этилган. Бу мақсадга эришиш учун тиббий хизматлар сифатини ошириш, профилактика ишларини кучайтириш ва касалликларни эрта аниқлаш ҳамда самарали даволаш механизмларини кенгайтириш кўзда тутилади.

Лойиҳада соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни барқарор ошириш чораси ҳам белгиланган: давлат бюджетидан соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағлар улушини 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш режалаштирилмоқда. Мазкур йўналиш аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эрта ўлимни камайтириш бўйича ҳам аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Жумладан, юрак-қон томир касалликларидан 30–69 ёшдаги эрта ўлимни 27 фоизгача камайтириш, саратон касаллигидан эрта ўлимни 5,2 фоизгача камайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, қандли диабет касаллиги бор беморларни даволаш билан 100 фоиз қамровни таъминлаш, нафас йўллари касалликларидан эрта ўлимни 30–69 ёш тоифасида 1,5 фоиздан оширмаслик мақсад қилинган. Лойиҳада сил касаллиги билан касалланиш даражасини 33 фоиздан юқори бўлмаслигини таъминлаш вазифаси ҳам қайд этилган.

Стратегия лойиҳасида белгиланган мазкур кўрсаткичлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликлардан келиб чиқадиган хавфларни камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш орқали умр давомийлигини оширишга қаратилган.

2024 йилда Ўзбекистонда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшни ташкил этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид