Жаҳон | 08:44 / 02.01.2026
2825
2 дақиқада ўқилади

Украина Хорлидаги меҳмонхонага берилган зарбага алоқадорлигини рад этди

Украина армияси фақат ҳарбий ва бошқа қонуний нишонларга ҳужум қилади, деди Украина Бош штаби вакили Россия томонидан оккупация қилинган Хорли қишлоғидаги меҳмонхонага берилган зарба ҳақидаги баёнотларга изоҳ бериб.

Фото: AP

Украина Бош штаби Россия томонидан оккупация қилинган Херсон вилоятининг Қора денгиз соҳилида жойлашган Хорли қишлоғидаги меҳмонхонага Украина армияси зарба берганини инкор этди. Украина “халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилади ва зарбаларни фақат душманнинг ҳарбий нишонларига, РФнинг ёнилғи-энергетика мажмуаси объектларига ва бошқа қонуний нишонларга йўллайди”, — деди 1 январ, пайшанба куни “Интерфакс-Украина” агентлигига Бош штаб вакили Дмитрий Лиховий.

Унинг сўзларига кўра, Украина учун ҳужумлардан кўзланган натижа — “агрессор мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини камайтириш”. Шу билан бирга, Лиховий Россия томони “халқаро ҳамкорларига, Украинага таъсир кўрсатиш ва тинчлик музокаралари жараёнига таъсир ўтказиш мақсадида бир неча бор дезинформация ва сохта баёнотларга мурожаат қилганини” таъкидлади.

1 январ куни эрталаб Херсон вилоятининг қисман қўшиб олинган ҳудудида Россия томонидан тайинланган “губернатор” Владимир Салдо ўзининг Telegram-каналида тахминан ярим тунда, “деярли курантлар садоси остида”, Украина дронлари Хорлидаги кафе ва меҳмонхонага ҳужум қилганини маълум қилди. Аниқлаштирилган маълумотларга кўра, 24 киши ҳалок бўлган, яна 29 киши яраланган. Ҳалок бўлганлардан бири — бола.

Таъкидланишича, ҳужумда ёнувчан аралашма қуйилган дрон ишлатилган, шу боис ёнғин келиб чиққан ва уни фақат соат 6:00 га келиб ўчиришга муваффақ бўлинган. РФ Тергов қўмитаси “террорчилик ҳаракати” бўйича жиноят ишини қўзғатди. Кечқурун Россия томони, шунингдек, аниқланган етти қурбоннинг исм-шарифларини эълон қилди. Улар орасида 17 ёшли қиз ҳам бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид