Эронда намойишлар 28 декабр куни бошланди. Сабаби – иқтисодий инқироз: миллий валюта курси қулаган ва инфляция кучайган. Аммо соф иқтисодий шиорлар жуда тезлик билан сиёсий шиорларга айланди: намойишчилар оятуллоҳ Али Хоминаийни тахтдан ағдариш ва ислом республикасининг бутун сиёсатини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Тартибсизликлар ва хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар натижасида камида саккиз киши ҳалок бўлди. АҚШ президенти Доналд Трамп аллақачон намойишчиларга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. «Медуза» намойишлар қандай ривожланаётгани ва бу нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Намойишлар нимадан бошланди?
2025 йил сентябрида БМТ 2006 йилда ядровий дастури туфайли Эронга қарши қўлланган ва 2015 йилда «Эрон ядро келишуви» доирасида бекор қилинган санкцияларни қайтадан тиклади. Санкциялар қайтиши Эрон миллий валютаси курси кескин қулашига олиб келди: 2025 йилда бир доллар бир миллион риёл атрофида баҳоланган бўлса, декабрга келиб курс қарийб бир ярим миллионга етди (уч йил олдин курс бир доллар учун 430 минг риёл атрофида эди). Риёл курси қулашидан энг кўп зарар кўрганлар орасида уяли телефон сотувчилари ҳам бор эди: улар нархларни оширишга мажбур бўлишди ва кўпчилик харидорларини йўқотишди. 28 декабрда улар иш ташлади ва кўп ўтмай бошқа гуруҳлар ҳам сотувчиларга қўшилди.
Эронда инфляция беш йилдан бери йилига 30-40 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда. 2025 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари 70 фоиздан ортиқ, дори-дармонлар 50 фоизга қимматлашди. Кузда эса бунга сўнгги ярим асрдаги энг кучли қурғоқчилик қўшилди. Бу муаммонинг асосий сабаби ёғингарчилик йўқлиги эди, ҳокимиятнинг кўп йиллик эҳтиётсиз сиёсати – чекланган сув ресурсларидан назоратсиз фойдаланиш вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштирди.
Шундай фонда Эрон 2025 йил июнида 12 кунлик урушни бошдан кечирди. Исроил бу урушнинг дастлабки кунларидаёқ Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини буткул яксон қилди, ҳарбий раҳбариятнинг деярли барча вакилларини, шунингдек, ядро дастури билан шуғулланувчи етакчи олим ва муҳандисларни ўлдирди. Нафақат ядровий объектлар, балки нефт корхоналари ҳам зарбага учради. Урушнинг якуний босқичида АҚШ ҳам Исроилга қўшилди: америкалик ҳарбийлар Фордо ядровий объектига бункерга қарши ўта кучли бомбаларни ташлади.
Урушдан кейин Эрон ҳукумати, бир томондан, баъзи енгилликларни жорий қилди – хусусан, кўчага ҳижобсиз чиққан аёлларни жазолашни амалда тўхтатди (бу 2022–2023 йилларда Эронда сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик норозилик тўлқинига сабаб бўлганди). Шу билан бирга, сиёсий диссидентларга қарши қатағонлар кучайди. 2025 йилда қарийб икки минг киши қатл этилган, олдинги йилларда қатллар сони кўпи билан бир неча юзни ташкил этган.













